14 август тонгида Ростов-Дон шаҳри марказидаги кўп қаватли уйга учувчисиз учар қурилма ҳужум қилган. Ростов области губернатори вазифасини бажарувчи Юрий Слюсарнинг сўзларига кўра, ҳужум натижасида 13 киши жароҳатланган, шундан икки нафари болалар. Яраланганларнинг олти нафари шифохонага ётқизилган, камида икки нафари оғир аҳволда.
Телман ва Лермонтов кўчалари ҳудудидаги 10 та уйга зарар етган – уларнинг ойналари синган ва балконлари шикастланган. Телеграм-каналларда камида битта уйнинг томи қисман шикастлангани акс этган фотосуратлар эълон қилинди. Уйлардан 212 киши эвакуация қилинди, дея аниқлик киритди Слюсар.
Mash телеграм-канали маълумотларига кўра, Украина қуролли кучларининг ҳужуми нишони Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаби бўлган – дрон айнан шу объект томон учаётганди, аммо шаҳар маркази устида йўналишини кескин ўзгартирган. У турар жой биносига урилишига нима сабаб бўлгани маълум эмас – радиоэлектрон кураш воситалари унга таъсир кўрсатган бўлиши ҳам, бу навигация хатоси ёки мақсадли ҳужум бўлиши ҳам мумкин. Кремлга хайрихоҳ ҳисобланган Mash ва Shot телеграм-каналлари ёзишича, Украина қуролли кучлари ҳужум учун «Учар тулки» деб номланувчи, енгил моторли Аэропратк А-22 самолёти асосида ишлаб чиқилган дрондан фойдаланган.
Белгород қаторасига иккинчи кун ҳужумга учради. Губернатор аҳоли «янги тарихда ҳали бошдан кечирилмаган кунларни яшаётгани»ни айтди
Белгород кечадан буён зарбалар нишони бўлиб турибди. 13 август куни губернатор Вячеслав Гладков областнинг турли районларида украин дронлари ҳужуми оқибатида жароҳатланганлар борлиги тўғрисида маълумот берганди. Соат эрталабки 7 атрофида губернатор дрон шаҳар марказидаги ҳукумат биносига ҳужум қилганини айтди – бинода кичик шикастланиш қайд этилган, жароҳат олганлар йўқ. Бир соат ўтиб Гладков Украина қуролли кучлари ҳукумат биносига тўртинчи бор зарба берганини айтиб, шикастланиш акс этган фотосуратларни намойиш этди.
Шаҳар маркази ҳарбий хизматчилар ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси кучлари томонидан тўсиб қўйилган – ҳокимият биноси томон ҳеч ким ўтказилмаган. Гувоҳлар автоматдан отилган ўқ овозлари ҳамда портлаш овозларини эшитишган, шаҳар устида жуда кўп дрон учиб юрган.
Ҳужумлар фонида област оператив штаби навбатдан ташқари йиғилиш ўтказди, унинг натижаларига кўра, Белгород шаҳри ва Белгород районидаги йирик савдо марказларини шанба кунига қадар ёпиш; якшанбагача барча кўча тадбирларини тақиқлаш, шунингдек, давлат ва муниципал муассасалар ходимларини пайшанба ва жума кунлари масофадан ишлашга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бундан ташқари, Гладков аҳолидан ҳужум хавфи туфайли кўчада иложи борича камроқ бўлишни сўради.
















