15 август куни Россия ва Америка президентлари учрашувидан кейин Владимир Путин шарафига тушлик режалаштирилганди. Бу АҚШ Давлат департаменти протокол хизматининг Анкориж шаҳри меҳмонхоналаридан бирида унутиб қолдирилган ҳужжатлари орқали маълум бўлди.
Америка Миллий жамоат радиоси (NPR) томонидан ўрганиб чиқилган ҳужжатларда протокол хизмати ходимларининг исмлари ва телефон рақамлари, делегацияларни жойлаштириш режалари ва ҳатто русча фамилияларни қандай талаффуз қилиш бўйича кўрсатмалар мавжуд – POO-tihn, Laav-rof, Oo-sha-kov ва ҳоказо. Оқ уй ҳозирча бу маълумотларга изоҳ бермади.
Учрашув бўлиб ўтган ҳарбий база яқинидаги Captain Cook меҳмонхонасининг шахси ошкор этилмаган мижозлари принтерда чиқарилган саккиз саҳифани топиб олиб, NPR’га тақдим этган. Қоғозлар жума куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 9 атрофида, яъни президентлар Анкорижга келишидан тахминан икки соат олдин топилган.

Ҳужжатлар икки президентнинг учрашувига қанчалик шошмашошарлик билан тайёргарлик кўрилгани ҳамда унинг формати бир неча бор ўзгарганини яна бир бор кўрсатади. Уларда аввалига «иккига икки» форматидаги учрашув кўзда тутилган режа акс этган: Россия президенти Владимир Путин ва унинг ташқи сиёсат масалалари бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг махсус вакили Стив Уиткофф билан музокаралар олиб бориши керак эди.
Учрашувдан бироз олдин президентлар таржимонларни ҳисобга олмаганда, аввал юзма-юз суҳбатлашиши маълум қилинди. Якунда эса учрашувда ҳар икки томондан уч нафардан расмий иштирок этди: Путин ва Ушаковга Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров, Трамп ва Уиткоффга эса давлат котиби Марко Рубио қўшилди.
Протоколга кўра, шундан сўнг, «Россия Федерацияси президенти Владимир Путин жаноби олийлари шарафига» тушлик бўлиши керак эди. Зиёфатда ҳар икки томондан олти нафардан делегат қатнашиши керак бўлган.
Ланч камтарона бўлиши кўзда тутилганди – менюда биринчи таом учун винегретли зираворли яшил салат ва розмарин-лимон сариёғли нон; қалампир соуси ёки палтус билан филе-минондан тайёрланган асосий таомни танлаш. Гарнир сифатида сариёғ ёки сарсабил қўшилган картошка пюреси таклиф қилинган. Десертга – музқаймоқли крем-брюле.









