Жамият | 12:34 / 20.08.2025
3028
3 дақиқада ўқилади

1 ой ичида наркодўконлар рекламаси акс этган 1 751 дона «наркограффити» ўчирилди — ИИВ

15 июлдан 15 августга қадар Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирлари давомида жами 557,5 кг гиёҳвандлик воситаси ва 376,5 минг дона кучли таъсир қилувчи дорилар ноқонуний муомаладан олинган.

Фото: Getty Images

Ички ишлар вазирлиги жорий йил 15 июлдан 15 августга қадар Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирининг иккинчи босқичи ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, «Хавфсиз ва соғлом юрт» ойлигининг 2-босқичида жами 14 минг 167 та тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиб, 2 599 та гиёҳвандлик, 1 576 та уюшган жиноятчилик, 1 650 та коррупция ва 4 653 та бошқа йўналишларда ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Тезкор тадбирлар 1-босқичга нисбатан уч бараварга кўпайган.

«Ўтказилган ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар натижасида ноқонуний муомаладан жами 557,5 кг гиёҳвандлик воситаси, 376,5 минг дона кучли таъсир қилувчи дорилар олиниб, 10,5 минг туп гиёҳвандлик ўсимликлари етиштирилаётганлиги аниқланди.

Тадбир давомида жами 91 та тарқатувчилар (закладкачилар) билан боғлиқ ҳолатда 34,5 кг гиёҳвандлик воситаси расмийлаштириб олинди ва интернетдаги наркодўконлар рекламаси акс этган 1 751 дона «наркограффити» аниқланиб, ўчирилди», дейилади вазирлик ахборот хизмати Kun.uz’га тақдим қилган маълумотда.

Шунингдек, тезкор тадбирлар давомида жиноий гуруҳ ва шахслардан 858 та пневматик қурол, 2 716 та ов қуроли ва ўқ-дори олинди. 1 033 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, 584 нафар бедарак йўқолган шахслар оиласи бағрига қайтарилди.

Жамоат жойида совуқ қурол олиб юрган фуқаролардан 14 936 та ўткир тиғли буюмлар 14 091 та пичоқ , 352 кастет, 493 та бошқа олиб юрилиши тақиқланган буюмлар олиниб, қонуний чора кўрилган. Ов қуроли сақлаш қоидаларини бузган ҳамда браконьерлик ҳаракатларни содир этган 3 692 нафар шахс маъмурий ва 254 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.

Маълум қилинишича, «Хавфсиз ва соғлом юрт» ойлигининг 2-босқичи доирасида маҳаллаларда, аҳоли яшаш пунктлари, жамоат жойлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида 153 минг 816 та камера ўрнатилган.

ИИВга кўра, ўтказилган тезкор профилактик тадбирлар давомида Ўзбекистонда содир этилган жами жиноятлар ўтган ойнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга камайган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид