Ғазо шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда расмий равишда очарчилик бошлангани аниқланди ва бу ҳолат кенгайиб бориши кутилмоқда. Бу хулосани (pdf) 22 август куни БМТ билан ҳамкорликда ишловчи Озиқ-овқат хавфсизлиги босқичларини интеграллашган таснифи (Integrated Food Security Phase Classification) IPC ташкилоти эълон қилди. Мазкур баҳо секторга кўпроқ ёрдам киришига рухсат бериш учун Исроилга босимини кучайтириши кутилмоқда.

IPC маълумотига кўра, 514 минг киши, яъни Ғазодаги фаластинликларнинг чорак қисми очарчиликдан азият чекмоқда. Бу кўрсаткич сентябр охирига бориб 641 минг нафарга етиши кутилмоқда.

Уларнинг 280 минг нафари Ғазо шаҳри ҳудудини қамраб олувчи шимолий қисмда жойлашган. IPC ушбу ҳудудни Исроил билан Ҳамаснинг қарийб икки йиллик уруши ортидан «очарчилик ҳолатида» деб таснифлади.

IPC стандартига кўра, Ғазо шаҳри «асосли далиллар билан очарчиликнинг 5-даражасида» турибди / Фото: IPC харитаси

Reuters нашрининг ёзишича, бу IPC томонидан Африкадан ташқарида илк бор очарчилик қайд этилиши бўлди. Ташкилот очарчилик шароитлари келгуси ой охирига бориб марказий ва жанубий ҳудудлардаги Дейр ал-Балаҳ ҳамда Хон-Юнусга ҳам тарқалишини прогноз қилмоқда. Шунингдек, IPC шимолий ҳудудларда вазият Ғазо шаҳридагидан ҳам оғирроқ бўлиши мумкинлигини айтди, бироқ етарли маълумот йўқлиги туфайли аниқ тасниф бера олмади.

IPC жума куни эълон қилинган таҳлилида фақат Ғазо, Дейр ал-Балаҳ ва Хон Юнус ҳудудларини қамраб олганини маълум қилди. Жанубий Рафаҳ эса деярли аҳоли яшамагани боис ҳисобга олинмади.

Исроил бу ҳисоботни тарафкаш деб рад этди. Исроил Ташқи ишлар вазирлиги IPC тадқиқоти асосан Ҳамас тақдим этган қисман маълумотларга асосланганини, яқин орада киритилган озиқ-овқат юклари ҳисобга олинмаганини айтмоқда.