Жаҳон | 10:41 / 24.08.2025
7258
3 дақиқада ўқилади

Ростов областидаги заводда чиққан ёнғинни ўчириш учун аҳоли сувсиз қолдирилди

35 минг киши яшовчи Красний Сулин шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводида дронлар ҳужумидан кейин чиққан ёнғинни ўчириш учун бутун шаҳарда сув ўчириб қўйилган.

Новошахтинск | Сегодня

Ростов областида уч кундирки Новошахтинский нефт маҳсулотлари заводида 21 августга ўтар кечаси Украина дронлари ҳужумидан кейин бошланган ёнғинни ўчириб бўлмаяпти. Украинанинг Exilenova+ телеграм-канали 23 август куни яна бир резервуар ёнғин ичида қолганини хабар қилди.

35 мингга яқин аҳоли яшовчи Красний Сулин шаҳрида шу куни нефтни қайта ишлаш заводидаги ёнғинни ўчириш учун резервуарларни тўлдириш мақсадида сув таъминоти тўхтатилган. Ростов области уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Антонина Пшеничная ўз телеграм-каналида маълум қилишича, «аризалар бўйича сув етказиб бериш ташкил этилган». Аввалроқ Пшеничная Новошахтинск ва унга қўшни қишлоқларда ёнғинни ўчириш учун «сув таъминоти тизимидаги сув босими вақтинча пасайтирилгани» ҳақида хабар берганди.

Новошахтинск устида ёнғин туфайли тутун булути пайдо бўлган. Бироқ шаҳар раҳбари Сергей Бондаренко ҳаводаги хавфли моддаларнинг рухсат этилган максимал концентрацияси ошмаганини айтди. Шаҳар аҳолиси постга изоҳларда «нафас олиб бўлмай қолгани»ни ёзган, Бондаренко бунга жавобан «шаҳар ҳавоси тозалиги ва муаммо йўқлигини даъво қилмаслиги», лекин «фақат расмий, тасдиқланган маълумотлар»ни айтишини билдирган.

Новошахтинский нефтни қайта ишлаш заводи – Россия жанубидаги энг йирик нефт маҳсулотлари заводларидан биридир. 2021 йилгача у «Путиннинг ошнаси» деб аталадиган украиналик собиқ сиёсатчи Виктор Медведчукнинг оиласи билан боғланган.

Украина дронлари Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига мунтазам зарбалар бериб келмоқда. Хусусан, 23 август куни Краснодар области ҳукумати нефтни қайта ишлаш корхоналари жойлашган Илский ва Афипский аҳоли пунктлари яқинида дронлар уриб туширилганини маълум қилди. Расмий маълумотларга кўра, жабрланганлар ва вайронагарчиликлар йўқ.

Ҳужумлар туфайли нефтни қайта ишлаш заводлари ўз фаолиятини қисман ёки бутунлай тўхтатади, бу эса бошқа нарсалар қатори бензин нархи ошишига олиб келади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид