Англия: 30 метрдан урилган шедевр гол

АПЛ. 3-тур
«Брайтон» — «Манчестер Сити» 2:1
Голлар: Милнер (67, пеналти), Груда (88) — Ҳоланд (34).
«Брайтон»: Вербрюгген, Велтман, ван Ҳекке, Данк, де Кюйпер, Ҳиншелвуд (Айяри, 60), Балеба (Милнер, 60), Гомес (Груда, 60), Минте (Коппола, 90+5), Митома, Уэлбек (Рюттер, 60).
«Манчестер Сити»: Траффорд, Нунеш (Люис, 85), Стоунз, Ҳусанов (Диаш, 85), Аит-Нури, Родри, Силва (О'Райли, 72), Рейндерс, Бобб, Мармуш (Доку, 72), Ҳоланд.
Огоҳлантиришлар: ван Ҳекке (16), Ҳусанов (63), Аит-Нури (69), Велтман (77).

«Манчестер Сити» ютқазди. Яна бир марта. Мухлислар бунга ўтган мавсум давомида кўника бошлаганди ва янги мавсумда ҳам Хосеп Гвардиола вазиятни ўзгартира олмаяпти. Ҳолбуки у «Тоттенҳэм»га ютқазган таркибда қатор ўзгаришларни амалга оширган, Родри ўтган йил сентябридан буён илк бор Родри бошланғич таркибдан ўрин олган, шунингек, ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов марказий ҳимояда Рубен Диашнинг ўрнини эгаллаганди. Биринчи бўлим давомида Ҳоланд ва Мармуш кетма-кет зарбалар билан дарвозабонни синовдан ўтказди, кейин эса биргаликда ҳисобни очувчи голни ташкиллаштиришди. Мисрлик ҳужумчи жарима майдони ичида рақиб ҳимоячилари орасидан ўтди ва тўпни олдинроққа ташлаб берди, норвегиялик эса осонлик билан дарвозани ишғол этиб, АПЛдаги 100-ўйинида ҳам майдонни голсиз тарк этмайдиган бўлди.

Биринчи бўлимда «Брайтон»нинг ишлари юришмади, аммо Фабиан Хюрцелер алмаштиришлар орқали ўйинда бурилиш ясади. 67-дақиқада Матеуш Нунеш жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнади ва «Сити»нинг собиқ футболчиси Милнер 11 метрлик жарима зарбасини аниқ ижро этиб, АПЛ тарихига пеналтидан гол урган энг кекса ёшли футболчи (39 ёшу 239 кун) сифатида кирди, у ўз голини «Ливерпул»даги собиқ жамоадоши Диогу Жотага бағишлади. Милнерни барча танийди, «Брайтон» эса янги номларни кашф этишда давом этди.

Ўйин тақдирини ёзда «Майнц»дан харид қилинган 21 ёшли германиялик Груда ҳал қилди. У ҳимоячиларни ортда қолдириб, Траффордни ҳам алдаб ўтди, бу унинг янги жамоасидаги иккинчи голи бўлди, чоршанба куни Лига кубоги ўйинида илк голини урганди. Ҳюрцелер эса Гвардиола учун жумбоқ мураббий бўлиб қолмоқда. Пеп ёш германияликни учта ўзаро расмий ўйиндан бирортасида мағлуб этолмаяпти (=2-1).

Ўйиннинг 85-дақиқасида, меҳмонларнинг иккинчи голидан олдинроқ Ҳусанов жароҳат олиб майдонни тарк этди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Гвардиола у ҳақда илиқ фикрлар билдирди ва агар у майдонда қолганида иккинчи голни бартараф этиши мумкин бўлгани ҳақида гапирди: «Иккинчи голни жуда тезкор футболчилардан ўтказиб юбордик. Ҳусанов эплаши мумкин эди, чунки у ҳам жуда тез, лекин аввалроқ уни алмаштиришга мажбур бўлгандим. Унда ҳеч қандай жароҳат йўқ. Шунчаки бироз шикастланди ва мушакларда муаммо пайдо бўлганди».