Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
9 балли тирбандликлар сабаб метробуслар интервали узаймоқда – “Тошшаҳартрансхизмат”
Пойтахтда “Ерусти ҳалқа йўли” линиясидаги метро бекатлари бўйлаб ҳаракатланаётган автобуслар оралиқ вақти узайгани айтилмоқда. Йўловчилар жойларда тиқилинчлар ҳосил бўлганидан норози. “Тошшаҳартрансхизмат”га кўра, куннинг тиғиз вақтларида “Технопарк–Қипчоқ” йўналишидаги айрим участкаларда 9 балли тирбандликлар вужудга келган, шу сабаб автобуслар ҳаракати қатновлари ўртасида вақт ошган.
Фото: Видеодан кадр
Июн бошида Тошкент метрополитенининг Дўстликдан Сергелигача бўлган метро бекатлари, яъни “Ерусти ҳалқа йўли” линияси 3 ойлик профилактика учун босқичма-босқич ёпилганди, шу сабаб йўналиш бўйлаб йўловчи ташиш учун бепул метробуслар қўйилганди.
Kun.uz’га айни линиядаги бекатлар, хусусан, “Технопарк” ва “Дўстлик”дан ҳаракатланаётган метробусларнинг оралиқ қатнаш вақти узайганига оид шикоят келиб тушди.
Қайд этилишича, сентябр ойидан талабалар ўқишни бошлагач, ҳудудларда тирбандликлар яна ортган, лекин метробуслар кўпайтирилмаган.
Ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ муносабат билдиришича, куннинг тиғиз вақтларида “Технопарк–Қипчоқ” метро бекатлари оралиғидаги айрим участкаларда 9 балли тирбандликлар вужудга келгани сабаб автобуслар қатнови ўртасида вақт ошган.
“Мазкур ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти ҳамда “Тошкент метрополитени” ДУК ва Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида жойига чиққан ҳолда “Технопарк” бекатида тирбандликларни бартараф этиш чоралари ўрганилди ва қатновлар ўртасидаги вақтларни қисқартириш чоралари кўрилаётганини маълум қиламиз”, – дейилади изоҳда.
АЖнинг Kun.uzʼга қўшимча маълумот беришича, 8 сентябрдан тирбандликлар вужудга келаётган жойларга қўшимча равишда ЙҲХБ ва “Тошшаҳартрансхизмат”нинг ҳаракат хавфсизлиги хизмати ходимлари ажратилади. Автобусларнинг тўсиқсиз харакатланиши учун ЙҲХХ ходимлари чорраҳаларни назоратга олиши, назоратчилар ҳар бир бекатда автобусларга тўсиқ бўлаётган омилларни аниқлаб, бартараф этиш чораларини кўриши айтилди.
Таъкидланишича, айни кунда “Технопарк–Қипчоқ” йўналишида жами 32 та автобус хизмат кўрсатади. Уларнинг оралиқ интервал вақти 3-5 дақиқани ташкил этади. Йўналишнинг ўртача узунлиги 24,1 кмни, автобуснинг ўртача қатнов вақти 72 дақиқани ташкил этади. Линия бўйлаб бир кунда 390 тадан ортиқ қатновлар амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, қурилганига эндигина 2 йил тўлган “Ерусти ҳалқа йўли”даги 14 та бекатнинг иш фаолияти текшириш учун 3 ойга тўхтатилган.
Дастлаб 8 июнда “Қипчоқ-Турон”, 28 июнда “Қурувчилар-Янгиобод”, кейин эса 2 августдан “Янгиобод-Технопарк” йўналишлари ёпилиб, метро линия учун метробуслар қўйилганди.