Арманистонда истеъфога чиқарилган голландиялик Жон ван ‘т Схип ўрнига шу вақтгача «Пюник»да ишлаб келган Егише Меликян янги бош мураббийга айланди. Португалия билан ўйинга у уч марказий ҳимоячидан иборат прагматик схема танлади, фақат бу ёрдам бермади ва биринчи бўлим ўрталарига келиб Жоау Феликс ва Криштиану Роналду биттадан гол уришди. Эндиликда «Ан-Наср»да бирга тўп сураётган ушбу футболчиларнинг иккиси ҳам дарвозабон ҳудудига узатилган пасдан кейин дарвоза тўрини ишғол этишди, мезбонлар ҳимоячилари тиғиз жойлашуви голлардан қутқара олмади.
Саудия Арабистони чемпионатига ўйнаётган яна бир португалиялик Жоау Канселу учинчи голни урганида эса трибуналарда йиғилганларнинг натижадан умиди буткул узилди. Ушбу ҳимоячи ўз голини Диогу Жотага бағишлади. Иккинчи бўлим бошида меҳмонлар сардори узоқ масофадан ўз услубида навбатдаги голини урди. Бу орқали 40 ёшли футболчи Португалия сафидаги голларини 140 тага етказиб олди. Ўз навбатида, бу унинг фаолиятидаги 941 ва 942-голлар бўлди.
Ўйин натижаси амалда ҳал бўлганидан кейин Роберто Мартинес сардорга дам беришга қарор қилди. Бироз ўтиб терма жамоадаги илк дублини нишонлаган Феликс ҳам майдондан олинди. Арманистон эса бор кучи билан ҳеч бўлмаса битта жавоб голи уришга интилди, аммо мезбонлар гол уришдан кўра гол ўтказиб юборишга яқинроқ эди. Масалан, Сперцян ўз жамоаси дарвозаси яқинида тўп йўқотганида фақат дарвозабон Авагяннинг қаҳрамонлиги навбатдаги голдан сақлаб қолди. Португалия шунчаки бошқа даражада эканини намойиш этди, Арманистон эса бу ўйини билан иккинчи ўрин учун курашиши ҳам савол остида.
Дублиндаги ўйинни Венгрия кучли бошлади ва 2-дақиқадаёқ Стайлснинг узатмасидан кейин Варга ҳисобни очди. 30 ёшли форвард жорий мавсумда конвейер режимида голларни штампламоқда, у «Ференцварош» сафидаги 11 ўйинда 10 та гол урган. Бир неча дақиқа ўтиб Варга иккинчи гол уриш имкониятини қўлдан чиқарди, аммо Ирландия барибир голдан қутулиб қололмади. Шоллои 15-дақиқада Собослаи бурчакдан узатган тўпни боши билан дарвозага жойлади.
Табиийки, мезбонлар таслим бўлиш ҳақида ўйламади ва курашни давом эттиришди, фақат биринчи бўлим давомида уларнинг ҳужумларини меҳмонлар мудофааси ва дарвозабон Дибуснинг реакцияси тўхтатиб турди. Лекин иккинчи бўлим бошида айнан дарвозабон Фергюсоннинг ҳисобни қисқартирувчи голида айбдорга айланди, кейин эса Шоллоининг майдон марказидаги эҳтиётсизлиги Венгрия бир киши кам бўлиб қолишига олиб келди. Меҳмонлар яшил либосли йигитларнинг адоқсиз штурмларига дош бериб туришди, аммо арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Ида барибир Мэннингнинг узатмасини голга айлантирди. Бу жанговар дурангдан кейин Португалия гуруҳнинг яққол пешқадамига айланиб олди.
Латвияда ўтказилган ўйин анча зерикарли кечди ва мезбонларнинг ўйин охиридаги ҳужумларига дош берган сербияликлар (ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда устун болқонликлар жонига ора кирди, яна бир вазиятда ҳимоячи Миленкович яқин масофадан йўлланган зарбани тўсиб қолди) минимал ҳисобдаги ғалабани сақлаб қолишди. Душан Влаҳовичнинг голи сербларга уч очко келтирди ва жамоага гуруҳда иккинчи ўринга кўтарилишга имкон берди. Англияга етиб олиш қийин бўлади, аммо гуруҳда иккинчи ўринни сақлаб қолган ҳолда ўтиш ўйинларида иштирок этиш — реал имконият. Қайд этиш керакки, серблар квалификация босқичида учинчи ўйиндирки дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолмоқда. Латвия эса 4 ўйинда фақат 4 очко билан кифояланиб, 4-ўринда қолди ва ўз вазиятини оғирлаштирди.
Тўрт ўйинда тўрт ғалаба – Англия миллий жамоаси Томас Тухел бошқарувида ЖЧ-2026 саралашини ажойиб ўтказмоқда. Бу сафар инглизлар Бирмингҳэм Андоррани қабул қилишди, аммо фақат икки гол билан кифояланишди. Биринчи бўлимда Мадуэке жарима майдонига узатган тўпни меҳмонлар футболчиси ўз дарвозасига киритиб юборди, танаффусдан кейин эса «Арсенал»нинг яна бир футболчиси Деклан Райс натижа келтирди. Умуман олганда, шу куни жамоа бошланғич таркибида «канонирлар»нинг тўрт футболчиси ўрин олганди – голларда иштирок этган футболчилардан ташқари Скелли ва ва Эзе ҳам майдонда эди. Терма жамоага номзод бўлган яна икки «канонир» – Сака ва Уайт эса жароҳат туфайли йиғинга жалб этилмаган. Тухел шу сабаб билан Беллингҳэм ва Палмер каби асосий таркиб футболчиларидан ҳам фойдалана олмаяпти, шу билан бирга, унинг ўзи Александер-Арнолдни таркибга чақирмаган.
Инглизлар, худди серблар каби ҳозирча саралаш босқичида гол ўтказмасдан давом этмоқда. Аммо Тухел шогирдлари ҳозирча фақат Андорра (1:0, 2:0), Албания (2:0) ва Латвия (3:0) каби жамоаларга қарши ўйнаган. Кейинги турда сербларга қарши ўйинда жамоалардан бирининг (ёки иккисининг ҳам) сериясига барҳам берилиши эҳтимоли юқори.
Гуруҳ аутсайдерига қарши ўйин Австрия учун осон кечмади. Ралф Рангник бошқарувидаги жамоа биринчи бўлимда дарвоза устуни ва дарвозабон Александр Шлагернинг реакцияси эвазига голлардан сақланиб қолди. Аммо танаффусдан кейин австрияликлар ўйинини кучайтирди ва ҳужумлардан бирида Баумгартнер йиқитилганида арбитр видеотакрордан кейин 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Забитцер пеналтини аниқ ижро этди, кейин дарвозабон яна бир бор мезбонларни голдан қутқариб қолди, кейин эса Линцдаги стадион газонида катта тешик борлиги аниқланди.
Тупроқ топиш учун 10 дақиқача вақт кетди, кейин захира ҳаками челакда тупроқ ташиб келиб, тешикни ёпди, бу жараён эса ўйин ритмини бузди. Бу кўпроқ Австрия фойдасига ишлади ва жамоа минимал устунликни сақлаб қолди. Энди 9 сентябр куни Австрия Босния билан ўйинда гуруҳ пешқадамлиги учун кураш олиб боради.