Фаластинликлар гуруҳи беш нафар аъзоси, жумладан, Ҳамаснинг Ғазо секторидаги раҳбари Халил ал-Ҳайянинг ўғли ҳалок бўлганини, аммо раҳбарият аъзолари омон қолганини маълум қилган. Шу билан бирга, Ҳамас етакчиларининг ўзи ҳозирча баёнот беришмади.

Қатар АҚШнинг Яқин Шарқдаги муҳим иттифоқчиси ҳисобланади. Шу билан бирга, у 10 йилдан ортиқ вақт давомида Ҳамаснинг сиёсий раҳбариятига бошпана бериб келмоқда ва Вашингтон билан биргаликда Ғазодаги урушни тинч йўл билан ҳал қилишга уринишда воситачилик ролини бажармоқда.

Нималар бўлди?

Сешанба куни Қатар пойтахти Доҳада бир нечта портлаш овозлари эшитилди ва шаҳар узра қора тутун кўтарилди.

Исроил мудофаа кучлари 7 октябр куни Исроилга уюштирилган ҳужумлар учун бевосита жавобгар бўлган Ҳамас раҳбариятига зарба берганини маълум қилди. Амалиёт Исроил хавфсизлик ва контрразведка хизмати (ШАБАК) билан ҳамкорликда ўтказилган.

«Зарба беришдан олдин тинч аҳоли орасида зарарни минималлаштириш, жумладан, юқори аниқликдаги қуроллар ва қўшимча разведка маълумотларидан фойдаланиш чоралари кўрилди», – дейилади баёнотда.

Кейинроқ Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Доҳага зарба берилганини тасдиқлаб, уни Исроилнинг «мустақил операцияси» деб атади.

«Ҳамас террорчилик ташкилоти етакчиларига қарши бугунги ҳаракатлар Исроилнинг тўлиқ мустақил операцияси эди. Уни Исроил бошлади, Исроил амалга оширди ва Исроил тўлиқ масъулиятни ўз зиммасига олади», – дейди Нетаняҳу.

ОАВ маълумотига кўра, Исроил зарба ҳақида Қатар ҳукумати ва АҚШни хабардор қилган. Исроилнинг 12-канали маълумотларига кўра, Трамп операцияни ўтказиш учун «яшил чироқ» ёққан. Қатар ТИВ вакили эса мамлакат олдиндан огоҳлантирилмаганини айтди.

Ҳамасдаги юқори мартабали манбанинг Al Jazeera телеканалига маълум қилишича, ҳаракат етакчилари Доҳада АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш таклифи муҳокама қилишга йиғилганида ҳужумга учраган.

Икки кун олдин Трамп гуруҳга «сўнгги огоҳлантириш» берганди.

«Мен Ҳамасни [келишувдан] воз кечиш оқибатлари ҳақида огоҳлантирдим, – деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social платформасида. – Бу менинг охирги огоҳлантиришим, бошқача бўлмайди!»