Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Россия Украинанинг ерларини талаб қилмоқда – Вэнс

АҚШ вице-президенти Жеймс Вэнснинг айтишича, Россия Украинага ҳудудий талаблар қўйган ва ҳозир Киев назорати остида бўлган тахминан 6 минг квадрат километр майдонга даъвогарлик қилмоқда. Бу ҳақда у One America News телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

«Руслар тахминан 6 минг квадрат километр майдонни хоҳлаяпти, улар ҳали ҳарбий куч билан босиб олинмаган. Руслар шуни истаяпти», деди у.

Шу билан бирга, Вэнс президент Доналд Трамп агар Украинадаги можаро ҳал қилинса, Россия билан яқинроқ иқтисодий ҳамкорликка эришиш ниятида эканини айтди. «Россия сизга ёқадими ёки йўқми, уларнинг можаро ҳақидаги далилларига қўшиласизми ёки йўқми, оддий факт бор: уларда кўп нефт, кўп газ, кўп минерал ресурслар бор», деб таъкидлади Вэнс.

Аввалроқ Кремл бундан бошқа талабларни ҳам илгари сургани хабар қилинганди: 2022 йилда аннексия қилинган ҳудудлардан Украина қўшинларини олиб чиқиш, НАТОга қўшилишдан бош тортиш, Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш. Агар шартлар қабул қилинмаса, Россия ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришга ваъда берган.

Исроил Яманга ҳужум қилди

Исроил чоршанба куни Яман пойтахти Сана ва шимолдаги ал-Жавф вилоятини нишонга олди. Ҳусийлар соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳужумларда 35 киши ҳалок бўлган, 131 киши жароҳатланган.

Бу зарбалар Ғазодаги уруш оқибатида кенгайган Исроил ва Яман ҳусийлари ўртасидаги ҳужум ва қарши ҳужумлар силсиласининг навбатдагиси бўлди. Исроил армияси ҳарбий лагерлар, ҳусийларнинг ёнилғи омборини нишонга олганини билдирди.

Ҳусийлар вакили эса кейинчалик баёнот бериб, Исроилнинг зарбалари соф фуқаролик объектларига қаратилганини билдирди. Унга кўра, икки газета таҳририяти ҳужум остида қолган, натижада журналистлар ва йўловчилар ҳалок бўлган ёки жароҳатланган. Лекин у рақамларни келтирмади.

Сана аҳолиси Reutersʼга берган маълумотига кўра, ҳужум икки тоғ орасида жойлашган ва қўмондонлик маркази сифатида ишлатиладиган масканга қаратилган бўлиши эҳтимоли катта.

Сўнгги вақтларда араб давлатларининг бирини қўйиб бошқасига зарба бераётган Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу шу кунларда Қатар ва бошқа давлатларга ултиматум қўйди.