11 сентябр деган сўзнинг ўзи дунёдаги миллионлаб одамлар шуурида даҳшат уйғотади. Янги асрнинг илк 11 сентябрида дунёни бир неча дақиқа хаос ўраб олганди. Ўша куни дунёда ҳамма ҳимоясиздек кўринганди. Машҳур сериалда айтилганидек, дунё 11 сентябр ва ундан кейинги даврга бўлинади. Бугун 2001 йил Ню Йоркда содир этилган теракт ҳақида гаплашамиз.

Ғоявий асос

11 сентябр ҳақида гапирганда одатда иккита самолёт бутунжаҳон савдо марказига урилгани ҳақида ҳикоя қилиш билан чекланишади. Келинг, бугун бу ишга қўл урганлар нега бундай қилгани, уларни қандай даъво бунга ундагани ҳақида ҳам гаплашсак. Шу учун 2001 йилдан эмас, бироз аввалроқдан бошлаймиз.

1970-йиллар, Жидда. Саудиялик миллиардер, қироллик оиласи билан жуда яқин бўлган оила вакили Муҳаммад ибн Аваданинг хотиржам, одобли, доим ўйлаб гапирадиган ўғли дўстлари билан телевизор кўриб ўтирарди. Йигит Исроил Фаластин ерларини босиб олгани ва у ердаги миллатдошларига ёрдам бера олмаётганидан эзилиб юрган ўша пайтида телевизорда исроиллик полициячилар Фаластинда ҳимоясиз аёллар ва болаларни ураётганини кўриб қолади. Йигит додлаб йиғлаб юборади ва дўстларига қараб шундай дейди: биз ҳали қасос оламиз.

Бу камгап йигитнинг қасоси қанчалик даҳшатли бўлишини ҳеч ким тасаввур қила олмасди. Йигитнинг исми Усама эди. Унинг отаси қироллик оиласидан бўлмаган энг бой саудиялик эди. Муҳаммад ибн Лодин вафотига қадар Қуддусдаги Ақсо масжиди таъмири билан шахсан шуғулланиб келган. 1967 йил авиаҳалокатда ўлган миллиардернинг барча бойлиги ўғли Усама бин Лодинга қолади.

Йигит отасидан жуда катта пул мерос қолган бўлса-да, ҳашаматга, дабдабали ҳаётга қизиқмайди. 21 ёш вақтида университетдаги ўқишини ташлаб, совет қўшинларига қарши курашаётган мужоҳидларга ёрдам бериш учун аввал Покистонга, кейин Афғонистонга йўл олади. Ва ўша ерда глобал жиҳод ғояси асосида ўз тарафдорларини йиға бошлайди. Унга араб давлатларидан жуда катта пул оқиб боради.

Бин Лодин Афғонистонда мужоҳидлар учун йўллар, араб жангчилари учун ерости ҳарбий лагер қуради. Ва охир-оқибат “Ал Қоида” деб аталмиш террор ташкилотига асос солади. У шу қадар радикаллашиб кетадики, яқин тарафдорлари ҳам ёнидан кета бошлайди. Бироқ қасос ўтида ёнаётган Усамани ҳеч ким тўхтата олмасди. Ва бин Лодин 2001 йил 11 сентябр куни ўзи қасос деб атаган даҳшатли терактни амалга оширади.

Бу инсоният тарихидаги энг даҳшатли теракт эди. Шунчалик даҳшатлики, ҳар йили миллиардлаб доллар бюджетга эга бўладиган Америка ҳарбийлари-ю, махсус хизматлари терактни CNN кадридан томоша қилишади холос.