Қарийб 4 йил аввал Тошкент ҳайвонот боғида онаси томонидан айиқ қафасига ташлаб юборилган қизалоқ қотиллик қурбони бўлди. Жорий йил август ойи бошида руҳий касалликлар шифохонасидан чиққан она қизини пичоқлаб ўлдирди. Kun.uz мухбири фожиа тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилди.
Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи аёл ўз қизининг қотилига айланди. Воқеа жорий йилнинг 8 сентябр куни соат тахминан 15:30–16:00 лар атрофида содир бўлган. 34 ёшли Зилола Тўлаганова мактабга чиққанига 1 ҳафта бўлган 7 ёшли қизи Зарина Аҳадовага ошхона пичоғини санчган. Қизалоқ олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.
Қотиллик қурбонига айланган Зарина Аҳадова 2022 йил январ ойида Тошкент ҳайвонот боғида онаси томонидан тўсиқ ортидан айиқнинг қафасига ташлаб юборилганди. Кавказ айиғи қизга яқинлашиб, ҳидлаб кўриб, сўнг ортига қайтган. Ўшанда боғ ишчилари айиқни ички хонага чақириб олишган эди. Қизалоқда очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши аниқланган, бир муддатдан сўнг унинг аҳволи яхшиланган ва уйига жавоб берилганди.
Кейинроқ Зилола Тўлаганованинг психоневрологик диспансер рўйхатида тургани, оилада босимга учрагани ва турмуш ўртоғи билан ажрашмоқчи бўлгани маълум бўлганди. Шундан сўнг у руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Қизалоқ ва унинг акасини бувиси (она томондан) васийликка олган. 2023 йилдан шу вақтга қадар болалар бувиси ва бобосининг қарамоғида бўлган. Бобо нафақада, буви эса хонадон яқинида жойлашган пазандалик цехида ишлаган.
2025 йил август ойида Зилола Тўлагановага руҳий касалликлар шифохонасидан жавоб берилган. У уйига қайтиб, ота-онаси ва фарзандлари билан бирга яшай бошлаган. Маҳалла раиси Шуҳрат Каримжоновнинг айтишича, руҳий касалликлар шифохонаси томонидан аёлнинг уйига қайтарилаётгани ҳақида огоҳлантириш ёки хат орқали хабар ҳам берилмаган.
“














