Жаҳон | 16:04 / 13.09.2025
2229
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларни ярим йилга узайтирди

Европа Иттифоқи давлатлари Россия компаниялари ва жисмоний шахсларига нисбатан санкцияларни узайтиришга келишиб олди. «Биз Путиннинг уруш олиб бориш учун пул олишига тўсқинлик қилишда давом этамиз», — деди Кая Каллас.

Фото: AP

12 сентябр, жума куни Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Россия Федерациясининг Украинага кенг кўламли бостириб киришига жавобан Россия компаниялари ва жисмоний шахсларига нисбатан амалдаги санкцияларни олти ойга узайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда X ижтимоий тармоғида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас хабар берди.

У, шунингдек, Европа Иттифоқи Россияга қарши янги, 19-санкциялар пакети устида ишлашни якунлаётганини таъкидлади. Калласнинг сўзларига кўра, ушбу пакет Россия Федерациясининг «соядаги флоти» ва банкларига қаратилган бўлиб, Россия нефтини сотиш бўйича кейинги чекловларни ҳам ўз ичига олади.

«Биз Путиннинг уруш олиб бориш учун пул олишига тўсқинлик қилишда давом этамиз», деб ваъда берди Европа дипломатияси раҳбари.

ОАВ хабарларига кўра, 19-санкция пакети доирасида Европа Иттифоқи Россия фуқароларига сайёҳлик визалари берилишини янада чеклаши мумкин. 12 сентябр куни dpa агентлиги Германия ҳукумати россияликлар учун виза режимини кучайтириш тарафдори эканини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид