Мадридликларда яна бир қийин ғалаба

«Реал» – «Марсел» 2:1
Голлар: Веа, 22 (0:1). Мбаппе, 29 - пеналти (1:1). Мбаппе, 81 - пеналти (2:1)
«Реал»: Куртуа, Эдер Милитау, Ҳаусен, Каррерас, Александр-Арнолд (Карваҳал, 5), Тшуамени, Арда Гулер (Раул Асенсио, 74), Валверде, Родриго (Диас, 63), Мастантуоно (Винисиус Жуниор, 63), Мбаппе
«Марсел»: Рули, Балерди, Медина, Эмерсон (Мурилио, 78), Павар (Иган-Райли, 87), Кондогбия (Вермерен, 66), Ҳейберг, О`Райли (Пайшан, 66), Веа (Гуири, 78), Гринвуд, Обамеянг
Огоҳлантиришлар: Тшуамени, 35. Эдер Милитау, 54. Каррерас, 90 – Павар, 46. Медина, 75
Четлатиш: Карваҳал, 72

Ўйиннинг бошланғич қисми «Реал»нинг тўлиқ устунлигида кечди. Французлар анчагача ҳимоядан чиқишда уч-тўрттадан ортиқ аниқ пас бера олишмади ва рақибнинг кучли прессинги остида тўп йўқотаверишди. Мбаппе иккита яққол вазиятдан фойдалана олмади — аввалига яқин масофадан туриб қайчи услубида йўллаган зарбаси дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди, кейин эса Паварни алдаб ўтиб йўллаган зарбасини дарвозабон Рули қайтариб қолди. Яна бир ажойиб вазият Мастантуонода бўлди, аммо дарвоза устуни меҳмонлар жонига ора кирди. Бу воқеаларнинг барчаси дастлабки ўн дақиқа ичида бўлиб ўтди.

«Марсел» қарши ҳужумларда имкон пойлади ва ўзининг чопқир ҳужумчиларига умид қилди. Ва бу тактика ўзини оқлади. Барчаси кутилмаганда рўй берди: Гулер тўп йўқотди, Гринвуд уни эгаллаб олиб, олдинга юрди ҳамда жарима майдонига кириб келган Веани тўп билан таъминлади, америкалик ҳужумчи эса яқин масофадан йўллаган зарбаси билан Куртуага имкон қолдирмади.

Таблодаги 0:1 ҳисобига қарамай, мадридликларнинг устунлиги эртами кечми голга айланиши кундек равшан эди. Ва бу анча тез рўй берди. Ўтказилган голдан етти дақиқа ўтганида Родриго дриблингини ишга солиб, рақиб жарима майдонида Кондогбиани ўзига фол ишлатишга мажбур қилди, Мбаппе 11 метрдан қайтариб бўлмас зарба йўллади.

Биринчи бўлимда жамоалар биргаликда 26 зарба йўллашди, шундан 18 таси — «Реал» ҳисобида (дарвоза соҳасига тўғри борган 11 зарба). Тшуамени, Мбаппе ва Гулер навбати билан олис масофадан хавфли зарбалар йўллашди, лекин жамоалар танаффусга 1:1 ҳисобида йўл олишди. Бу биринчи навбатда Рулининг хизмати бўлди. Opta маълумотига кўра, аргентиналик посбон биринчи бўлим давомида ўнта (!) сейв амалга ошириб, турнирнинг бир бўлим давомидаги сейвлари бўйича рекорд ўрнатган.

Иккинчи 45-дақиқалик Мбаппенинг зарбаси тўсинга бориши билан бошланди, мухлислар «Реал»нинг кучли босими давом этишини кута бошлашди. Аммо бу алдамчи туйғу бўлиб чиқди. Аксинча, «Марсел» шундан сўнг ўзига келди ва тўпни ишонч билан назорат қила бошлади, мадридликларнинг ҳужумлари натижа беравермагач, ўйин суръати ҳам тушиб кетди.