"2040 йилга бориб Марказий Осиё музликлари кескин эрий бошлайди" – 16-17 сентябр кунлари «Иқлим ўзгариши шароитида тоғ музликларининг инновацион мониторинг усуллари ва гляциологиянинг долзарб муаммолари» мавзусида илмий конференция бўлиб ўтди. Унда хорижий ва маҳаллий олимлар хавотирли прогнозлар билан бўлишишди ва амалга оширилиши лозим бўлган ишлар борасида суҳбатлашишди.

Халқаро конференция олимлар, мутахассислар ва сиёсатчиларни бирлаштириб, глациология бўйича инновацион методлар, энг сўнгги илмий натижалар ва амалий тажрибаларни муҳокама қилиш имкониятини яратади. Шунингдек, музлик мониторинги қурғоқчиликни бошқариш, сув ресурсларини тақсимлаш ва интеграциялашган ресурсларни режалаштириш каби кенгроқ масалалар билан боғланади. Бу жараён Сув-Энергия-Озиқ-овқат Экотизим (WEFE) Nexusi доирасида амалга оширилади. Тадбирдан кўзланган мақсад минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, криосфера кузатув методларида техник салоҳиятни ошириш, музликлар ва қор қопламлари ўзгаришларига оид масалалар ечимларни муҳокама қилишга ҳамда музлик маълумотларини кўп тармоқли WEFE бошқарув тизимларига интеграция қилишдан иборат.

Дониёр Турғунов, Гидрометеорология илмий тадқиқот институти директори: Сўнгги 10 йилликда музликларнинг кескин эриши кузатилди. Бу тенденцияда эриб бориладиган бўлса, 2050-йилга бориб Марказий Осиёдаги музликлар майдонининг қарийб 50% га яқин миқдорини йўқотишимиз мумкин. Қандай конкрет инструментлар мавжуд музликларни сақлаб қолиш бўйича? Сунъий ландшафт яратиш, музликлар жойлашган ҳудудлар – нивал ҳудудларда сунъий ландшафтлар яратиш орқали. Ҳамда сунъий музликлар яратиш.

Аброр Ғафуров, Германия ер ва сув тадқиқотлари маркази вакили: Ҳозир музликлар эриши давом этяпти. Асримизнинг охиригача бориб, музликлар кескин камайиб кетади. Умумий ҳисобни оладиган бўлсак, 2100-йилларга бориб, ҳозирги мавжуд музликларнинг 20-30% қолиши ҳисоб-китоб қилинган. Лекин музликларни ўрганишда, музликларнинг сув ресурсларига бўлган таъсирини ҳисоблашда битта нарсага эътибор бериш керак. Бу инглиз тилида “типпинг поинт” дейилади. Бу музликларнинг сув бериш максимал вақти. Оддий бир мисол қилиб айтадиган бўлсам, холодилникдаги музни ташқарига чиқариб қўйсангиз, эришни бошлайди. Ундан келаётган сув кўп бўлади. Қачонки ўша музнинг массаси кескин камайиб кетсагина, ундан кам сув келишни бошлайди.