Россия ҳарбий самолётлари 20 сентябр, жума куни Полшага тегишли бурғилаш платформаси устидан паст баландликда учиб ўтди. «Россиянинг иккита қирувчи самолёти Болтиқ денгизидаги Petrobaltic платформаси устидан пастдан учиб ўтди. Платформанинг хавфсизлик зонаси бузилган. Бу ҳақда Полша қуролли кучлари ва бошқа хизматлар хабардор қилинган», — деб ёзган Полша чегара хизмати ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Чегара қўриқлаш хизмати вакили маҳаллий TVP World телеканалига берган интервюсида, ҳодиса Полшанинг эксклюзив иқтисодий зонасини бузгани, лекин давлат чегарасини бузмаганини билдирди. Ҳодиса Россиянинг учта қирувчи самолёти Эстония ҳаво ҳудудини бузганидан бир неча соат ўтиб содир бўлган. Petrobaltic платформаси — бу Orlen Полша давлат энергетика компаниясига тегишли бўлган денгиз бурғилаш қурилмаси. У Болтиқ денгизининг Полша секторида ишлайди ва денгиз тубидан нефт ва газ қазиб олиш учун ишлатилади, деб хабар берди телеканал.

Бундан олдин Россиянинг учта МиГ-31 қирувчи самолёти Вайндлоо ороли яқинидаги Финландия кўрфази узра Эстония ҳаво ҳудудига рухсатсиз кириб келган ва у ерда тахминан 12 дақиқа қолган. Бу ҳақда 19 сентябр куни Эстония мудофаа кучлари бош штаби матбуот хизматига таяниб, Эстония жамоат телерадиокомпанияси хабар берди.