“Исроилга Ғарбий соҳилни аннексия қилишига рухсат бермайман”, деди АҚШ президенти Доналд Трамп Яқин Шарқ етакчилари билан Ню Йоркдаги учрашувдан кейин. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Каримов ва Шуҳрат Расул бу баёнотнинг амалий аҳамияти катта эмаслигини қайд этди.
— Исроил Ғарбий соҳилни тўлиқ аннексия қилишга қарор қилиб, операция бошласа, Трампнинг баёнотидан кейин АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашида бунга қарши резолюяцияга вето қўймаслиги мумкинми?
Фарҳод Каримов: Ҳозирча йўқ. АҚШ Исроилни фақат оғзаки танқид қилиши мумкин. Олдинги президент Нетаняҳуни ҳатто ҳақорат қилишгача борган, олдинги давлат котиби Ғазодаги уруш бошлангач Яқин Шарққа 5 марта бориб, “вазият ўзгаради” деган баёнотлар берган. Яқинда ҳам Исроилнинг Қатарга зарбасидан кейин АҚШ “бу биз билан келишилмаган эди, буни қоралаймиз” дегани билан, БМТдаги якуний қарорлар бошқача бўлди: резолюцияга АҚШ вето қўйди.
Исроил ва АҚШ ўртасида шахслар ўртасидаги келишмовчилик ёки танқидлар бўлиши мумкин, лекин давлатлараро стратегик муносабатлар сақланиб қолади.
Иккинчи масала – Трампнинг тактикаси. У араб давлатларини чалғитиш ёки уларнинг эътиборини ўзгартириш учун сиёсий ўйин олиб бормоқда. Араб давлатлари Трампга жиддий босим ўтказяпти: “Биз АҚШ иқтисодиётига миллиардлаб сармоя киритдик, бизнинг манфаатимизни ҳам ҳисобга олинг” дейишяпти. Бу босимлар ҳукуматларга ёқмаётган ички муҳит ва радикал гуруҳларнинг кўпайиши билан боғлиқ.
Мисол учун, Саудия ҳозир радикал гуруҳларга дуч келмоқда, бошқа араб мамлакатларида ҳам жамият билан ҳукумат орасидаги қарама-қаршиликлар кучаймоқда. Шу сабабли ҳукуматлар ички барқарорликни таъминлаш учун чора кўриши лозим. Араб давлатлари раҳбарлари Трампга шундай муҳитни ҳисобга олиб: “Агар АҚШдан ҳеч қандай аниқ натижа бўлмаса, биз бошқа вариантларни, масалан, Хитойга мурожаат қилишни кўриб чиқамиз”, деб огоҳлантирмоқда.
Трамп вазиятдан чиқиш учун тактик чорани қўллади: яқинда тарқалган маълумотларга кўра, у “Ғазони араб ва мусулмон мамлакатларининг ҳарбийларига топширамиз”, деб чиқиш қилди. Яъни Кўрфаз араб давлатларининг армиясига маълум вазифаларни юклаш ҳақида гапирди. Бунинг оммавий таъсири шундайки, Американинг Ғазо ва Исроил масаласидаги қатъий позицияси ўзгаргандек кўринади: энди араб давлатлари армия юборади, улар ўзлари назорат қилади, деган таассурот пайдо бўлади. Аммо бу ташаббуснинг амалий томони мураккаб: араб давлатларининг армиясини ким ташкил қилади, ким қўриқлайди, деган саволлар мавжуд.














