Спорт | 17:40 / 27.09.2025
3826
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Беларус паралимпиячиларига ўз байроғи остида иштирок этишга рухсат берилди

Рухсат Халқаро Паралимпия қўмитаси томонидан берилди ва айрим спорт турларига тааллуқли.

Фото: Getty Images

Халқаро Паралимпия қўмитасига (IPC) аъзо ташкилотларнинг аксарияти Сеулдаги Бош ассамблеяда Россия ва Беларус терма жамоаларининг мусобақалардан қисман четлатилишини узайтирмаслик учун овоз берди.

Энди Беларус ва Россия Миллий паралимпия қўмиталари халқаро қўмитага аъзолигини тўлиқ тиклайди, спортчилар эса миллий байроғи остида чиқиш имкониятига эга бўлади. Илгари улар мусобақаларда байроқсиз ва мадҳиясиз, фақат нейтрал мақомда иштирок этиши мумкин эди.

Россия Паралимпия қўмитаси пресс-релизида айтилишича, бу қарор фақат IPC халқаро федерациялар функциясини бажарадиган спорт турларига тааллуқли: енгил атлетика, сузиш, пауэрлифтинг, слеж-хоккей, ўқ отиш.

Шунга қарамай, ҳозир Ҳиндистонда бўлиб ўтаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этаётган россиялик спортчиларга бу қоида тааллуқли эмас – улар нейтрал мақомини сақлаб қолади, чунки ташкилотчилар протоколга барча зарур ўзгартиришларни киритишга улгурмайди.

Россия ва Беларус Паралимпия қўмиталарининг IPC ташкилотига аъзолиги 2023 йилда аъзолик бўйича конституциявий мажбуриятларни бузгани учун икки йилга қисман тўхтатилди. Бу мажбуриятга кўра, паралимпия қўмитаси давлатдан, сиёсий ёки диний ташкилотлардан бетараф ва мустақил бўлиши лозим.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид