Жаҳон | 12:35 / 27.09.2025
2485
2 дақиқада ўқилади

Трамп ФТБ собиқ раҳбари Жеймс Комига қарши айблов қўйилишига эришди

Трамп унинг Россия билан алоқаларини текшираётган терговчини фош қилиш учун прокурорни ишдан бўшатиб, ўрнига тажрибасиз тарафдорини тайинлади.

Фото: REUTERS

Россиянинг 2016 йилги АҚШ сайловларига аралашувини тергов қилган ФТБ собиқ директори Жеймс Коми ёлғон гувоҳлик бериш ва адолатга тўсқинлик қилишда айбланди. Бу ҳақда 26 сентябр, жума куни Американинг ABC News телеканали хабар берди.

АҚШнинг Виржиния штати Шарқий округи бўйича федерал прокуратура Комини 2020 йилда АҚШ Сенати суд қўмитасига ФТБ томонидан Доналд Трампнинг сайловолди кампанияси ва Россия ўртасидаги эҳтимолий алоқалар бўйича тергови ҳақида ёлғон гапирганликда айблади. Бу айбловлар тафсилотлари келтирилмаган, бироқ собиқ амалдор беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Комининг ўзи ўзининг айбсизлигини таъкидлаб, унга қўйилган айбловлар АҚШ президентининг сиёсий қасоси эканлигига ишора қилди. «Менинг оилам ва мен кўп йиллар давомида Доналд Трампга қарши туришнинг ўз нархи борлигини биламиз, лекин ҳаётни бошқа йўл билан тасаввур қила олмаймиз. Биз тиз чўкиб яшамаймиз, сиз ҳам яшамаслигингиз керак», деб таъкидлади ФТБнинг собиқ директори. Шунингдек, у федерал суд тизимининг холислигига умид қилишини билдирди.

ФТБ собиқ директорига қарши айбловлар Виржиния прокуратурасидаги ўзгаришлардан бир неча кун ўтиб қўйилди. Трамп аввалроқ федерал прокурор Эрик Сибертни лавозимидан четлатган эди, у, манбаларга кўра, Сенатдаги кўрсатмалари туфайли Комини жиноий жавобгарликка тортиш учун асос топмаган. Трамп Сиберт ўрнига Оқ уйдаги ёрдамчиси ва собиқ адвокати, содиқ одами Линдси Ҳаллиганни тайинлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид