Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“2026 йил мартда Ўзбекистоннинг аъзолигини нишонлаймиз” - ЖСТ бош котиби
Нью Йоркда медиа билан гаплашган ЖСТ бош котибига кўра, Ўзбекистон аъзоликка эришиши учун кам қолди. Ишлар жиддий олға силжимоқда, шундай давом этилса, 2026 йилнинг мартида чинакам аъзо бўлиш мумкин. Лекин тугамаган музокаралар ҳали бор.
Президент Мирзиёев АҚШда ЖСТ бош котиби Нгози-Оконжо Ивеала билан ҳам учрашди. Мулоқот мавзуси аниқ - ЖСТга аъзолик масаласи ва бу борада ишларнинг бориши. Бош котибнинг кўнгли тўқ, Ўзбекистон шу йўсинда келаси йили аъзо бўлишидан умидвор.
Ўзбекистон сизнинг қўллаб-қувватлашингизни доим ҳис қилиб туради ва ишлар яхши кетяпти. Тез орада ЖСТ оиласига қўшиламиз. Президент билан нимани гаплашдингиз?
“Хўш, Президент билан учрашув аъло даражада ўтди. Биз Ўзбекистоннинг аъзо бўлиш йўлида музокарачилар гуруҳи билан биргаликда эришаётган ютуқлари ҳамда бу жараён учун Президент томонидан қўллаб-қувватланаётган ишлар ҳақида суҳбатлашдик.
Ишлар жуда тез суръатда олға силжияпти. Бунинг таъсирини иқтисодиётда ҳам кўриш мумкин, чунки у йилига деярли 6 фоиз ёки ундан ҳам юқори суръатда ўсмоқда. Бу жаҳон иқтисодиёти суръатларидан икки баравар юқори. Жаҳон иқтисодиёти 3 фоизга ўсаётган бир пайтда, Ўзбекистон иқтисодиёти 6 фоизга ўсмоқда. Бу, албатта, жуда яхши кўринади.
Шу боис, ишларни жадал давом эттиряпмиз. Жараён деярли якунланди. Ноябрь ойида ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказамиз ва умид қиламанки, март ойидаги муддатга яқинлашганимиз сари барча ишларни якунлаб, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолигини нишонлай оламиз”.
Демак, 2026 йилга бориб тайёр бўламиз демоқчисиз, шундайми?
“Биз бу йўлда қаттиқ ишлаяпмиз ва бунинг уддасидан чиқишимизга ишонаман”.
Бизнинг жамоамиз қандай ишлаяпти?
“Ажойиб. Жиддий айтяпман. Улар жуда қаттиқ меҳнат қилмоқда. Жамоани қўллаб-қувватлашда Президентнинг етакчилиги ва муҳтарама Саида Мирзиёева хонимнинг ёрдамидан миннатдормиз. Менимча, улар аъло даражада ишламоқда”.
Лекин биламизки, музокаралар осон кечмайди. Қийин бўляпти, шундайми?
“Умуман осон эмас. Лекин деярли барча икки томонлама музокаралар якунланган. Албатта, Америка Қўшма Штатлари билан музокаралар ҳали очиқ ва бу йўналишда жиддий ишлаш талаб этилади. Ўйлайманки, бу қолган энг жиддий масалалардан бири, аммо биз ҳаракатни давом эттирамиз. Келинг, яхши ниятда бўлайлик”, дейди бош котиб Ивеала.