Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта давомида ҳаво совиб, ёмғир ёғиши кутилмоқда
1−2 октябрда Ўзбекистонга Қозоғистондан салқин ва нам ҳаво кириб келади. Чоршанба-жума кунлари ҳудудларда ёмғир ёғади. Ҳарорат кечаси ва эрталаб +8… +13, кундуз кунлари +18… +23 даражадан юқори бўлмайди.
Фото: Kun.uz
Сентябр ойининг охирги кунларида Ўзбекистон ҳудуди бўйича асосан қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради, ҳарорат +26… +29 даража, баъзи жойларда +31 даражагача бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
1–2 октябрда республиканинг барча ҳудудларига Қозоғистондан салқин ва нам ҳаво кириб келади. 1 октябрда Қорақалпоғистон Республикасида, Навоий, Тошкент вилояти шимолида баъзи жойларда ёмғир ёғади.
2 октябрда Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кечаси ва эрталаб ёмғир ёғиши кутилмоқда. 3 октябрда фақат Фарғона водийсида айрим жойларда ёмғир ёғиши сақланиб туради.
Ҳарорат фони 1–2 октябрда кечаси 8–10 даражага пасаяди. Кечаси ва эрталаб термометр устуни +8… +13 даражагача пасаяди, кундуз кунлари эса ҳаво ҳарорати +18… +23 даражадан юқори бўлмайди. Республика шимолида ҳарорат кечалари +4… +9 даражагача, кундуз кунлари +15… +18 даражагача пасаяди.
3 октябрда республика ҳудудининг катта қисмида кундузги ҳарорат 2–3 даражага кўтарилади. Республика жанубида бундай илиқ об-ҳаво 1 октябргача сақланиб туради, 2–3 октябрдан эса ҳарорат +20… +25 даражагача пасаяди.
Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 28–30 сентябрда ёғингарчилик кутилмайди. 1 октябрда кечаси ва эрталаб, 2 октябрда вақти-вақти билан ёмғир ёғади. 3 октябрда ёғингарчилик кутилмайди.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3–8 метр/сония тезликда эсади, 10–12 метр/сониягача кучайиши мумкин.
Ҳарорат 29–30 сентябрда кечаси +15… +17 даража, кундузи +26… +29 даража бўлади. 1–2 октябрда ҳарорат кечалари +8… +11 даражагача, кундуз кунлари +18… +21 даражагача пасаяди. 3 октябрда кечаси +8… +11 даража, кундузи +22… +24 даража бўлади.