Иқтисодиёт | 18:28 / 30.09.2025
3479
3 дақиқада ўқилади

2025 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистонда энергоресурслар ишлаб чиқариш қандай ўзгарди?

Жорий йилнинг январ-август ойларида Ўзбекистонда газ қазиб олиш 4 фоизга, нефт қазиб олиш 10 фоизга, бензин ишлаб чиқариш 14 фоизга қисқарган бўлса, дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 10 фоизга ошди. Шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам кўпайган. Бунда йирик корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажми 15,5 фоизга камайган бўлса, кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 2,5 баробарга ошган.

Фото: Getty Images/РИА Новости

Миллий статистика қўмитаси 2025 йилнинг январ-август ойларидаги саноат ишлаб чиқариши бўйича ҳисоботни эълон қилди.

Жорий йилнинг дастлабки 8 ойида умумий газ қазиб олиш ҳажми 28,9 млрд куб метрни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 млрд куб метрга ёки 4 фоизга, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан эса 2,5 млрд куб метрга қисқарган.

Маълумот учун, 2022 йилда газ қазиб олиш 53,8 млрддан 51,67 млрд куб метргача ёки 4 фоизга, 2023 йилда 51,67 млрддан 46,71 млрд куб метргача ёки 9,6 фоизга, 2024 йилда эса 46,71 млрддан 44,59 млрд куб ёки 4,5 фоизга қисқарганди.

2018-2024 йиллар оралиғида табиий газ қазиб олиш динамикаси қуйидагича бўлган:

  • 2018 йил – 61,59 млрд куб метр;
  • 2019 йил – 60,71 млрд куб метр;
  • 2020 йил – 49,77 млрд куб метр;
  • 2021 йил – 53,8 млрд куб метр;
  • 2022 йил – 51,67 млрд куб метр;
  • 2023 йил – 46,71 млрд куб метр;
  • 2024 йил – 44,59 млрд куб метр.

Аввалроқ, 2025 йилнинг 8 ойида 495 млн долларлик (+24,1 фоиз) газ экспорт қилингани ва 886 млн долларлик импорт амалга оширилгани (-28 фоиз) хабар қилинганди.

Ҳисобот даврида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан нефт қазиб олиш 485 минг тоннадан 434 минг тоннага (-10,5 фоиз), бензин ишлаб чиқариш 898 минг тоннадан 770 минг тоннага (-14,2 фоиз) газ конденсати ишлаб чиқариш 829 минг тоннадан 760 минг тоннага (-8,3 фоиз) қисқарган.

Ўз навбатида дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш 711 минг тоннадан 786 минг тоннага (+10,5 фоиз), кўмир қазиб олиш эса 4,4 млн тоннадан 4,7 млн тоннага ёки 6,8 фоизга ошган.

Электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳисобда ошган. Хусусан, 2024 йилнинг январь-август ойларида 54,65 мрлд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг мос даврида 56,41 млрд kWh’ни ташкил этган. Бунда йирик корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергия ҳажми 15,5 фоизга камайган бўлса, кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 2,5 баробарга ошган.

Ўз навбатида, ҳисобот даврида Ўзбекистонда 284 минг 352 дона машина ишлаб чиқарилган. Бу 2024 йилга нисбатан 24 минг донага кўп.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид