Йиғилишдан олдин оммавий ахборот воситалари ва биринчи навбатда генералларнинг ўзлари нима учун Пентагон зудлик билан юзлаб америкалик генераллар ва адмиралларни тўплашга қарор қилгани юзасидан тахминларини билдиришганди.

Юқори мартабали ҳарбийларга шошилинч равишда йиғилишга келиш буюрилган, у ерда нима ҳақида гап бориши тушунтирилмаганди. Бу эса уларда хавотир ва ҳатто ваҳима уйғотган.

Доналд Трамп Куантикода бўлиб ўтадиган учрашувда иштирок этишини 28 сентябр куни тасдиқлади. NBC News телеканалига берган интервюсида у бўлажак воқеани «ҳарбий жиҳатдан қандай ишлаётганимиз, қандай қилиб аъло формада бўлиш ва бошқа кўплаб ижобий нарсалар ҳақида суҳбатлар билан жуда ёқимли учрашув» деб атади.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Ҳегсет ва унинг генераллари учун юзма-юз учрашишда «ҳеч қандай ғайриоддий нарса йўқлиги»ни таъкидлаб, Куантикодаги йиғилишнинг ўзига хослиги ва аҳамиятини камайтиришга ҳаракат қилди.

НАТО ҳарбий қўмитаси раиси, италиялик генерал Жузеппе Каво Драгоне ўзининг 49 йиллик хизмати давомида ҳеч қачон бундай нарсани кўрмаганини таъкидлади, деб ёзади Associated Press.

Кун тартибисиз учрашув ва матбуотдаги назариялар

Фавқулодда учрашув ҳақида биринчи бўлиб Washington Post 25 сентябр куни хабар берди. Газета маълумотларига кўра, Ҳегсет 800 га яқин кишини, жумладан, ҳарбий можаролар ҳудудида хизмат қилаётган генералларни ҳам чақирган.

WP суҳбатдошларининг ҳеч бири АҚШ мудофаа вазири бир жойда шунча қўмондонларни тўплаган бундай вазиятларни эслай олмади. Баъзилар эса хавфсизлик борасида хавотир билдиришди.

Газета манбалари Ҳегсет хорижда, айниқса Осиё-Тинч океани минтақасида хизмат қилаётган қўмондонларни ҳам чақирганидан ҳайратда қолишган. «Бу ғалати», – деди WP суҳбатдошларидан бири стратегик жиҳатдан муҳим минтақа амалда ҳарбий қўмондонликсиз қолишини таъкидлаб.

Пит Ҳегсет Куантикода юқори мартабали ҳарбийлар билан учрашувга келмоқда
JIM WATSON/AFP via Getty Images

Бироз вақт ўтгач Reuters агентлиги икки манбага таяниб, учрашув мавзуси армиянинг «жанговар руҳи» бўлиши мумкинлигини маълум қилди. Ўз навбатида, NBC ўз манбасига таяниб, йиғилишдан мақсад Пентагоннинг ютуқларини қайд этиш ва Ҳегсет бошчилигидаги вазирликнинг келажагини муҳокама қилиш эканини хабар қилди. Одатда бундай нарсалар қўмондонликка меморандумлар ёки хавфсиз алоқа каналлари орқали видеоконференция орқали хабар қилинади.