Иқтисодиёт | 09:44 / 02.10.2025
3775
2 дақиқада ўқилади

Путин хорижий активларни миллийлаштириш ҳақидаги фармонни имзолади

Москва Европа Иттифоқидаги Россия мулкининг мусодара қилиниши эҳтимолига жавобан хорижий активларни мусодара қилиш ва сотишга тайёр. Янги механизм хусусийлаштиришни тезлаштиради ва симметрик чораларни жорий қилади.

Фото: Vyacheslav Prokofyev/TASS/ZUMA/picture alliance

Россия президенти Владимир Путин мамлакатдаги хорижий компанияларнинг активларини оммавий миллийлаштириш ва тезкор сотишга рухсат берувчи фармонни имзолади, деб хабар берди Bloomberg 1 октябр, чоршанба куни ҳукуматга яқин манбага таяниб. Ҳужжат жадаллаштирилган хусусийлаштириш тартибини жорий қилади ва Европа Иттифоқи Россиянинг хориждаги активларини мусодара қилишга қарор қилган тақдирда у қўлланиши мумкин.

Агентлик манбасига кўра, фармон ҳам Россия, ҳам хорижий активларни тезкор сотиш имкониятини кўзда тутади. Россияда фаолият юритаётган компаниялар сирасига UniCredit, Raiffeisen Bank International, PepsiCo ва Mondelez International киради.

Европа Иттифоқи етакчилари Данияда бўлиб ўтган йиғилишда Украинага музлатилган Россия захиралари кафолати остида 140 миллиард евро миқдорида кредит бериш режасини келишиб олди. Бу қарор АҚШ Киевга тўғридан тўғри молиявий ёрдам беришни тўхтатиб, Европани Россиянинг қуролли босқинига қарши курашда асосий донор сифатида қолдирганидан кейин Россия Марказий банки активларидан фойдаланиш масаласини қайта очди.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Европа Иттифоқи режасини «Россия мулкини ноқонуний тортиб олиш, ўғирлик» деб атади. Путин аввалроқ Ғарбнинг бундай қадамлари «глобал молиявий тартибни бузиши» ҳақида огоҳлантирган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид