Москванинг Твер туман суди "КДВ Групп" (KDV) ("Яшкино" ва "Кириешки" брендлари) эгаси миллиардер Денис Штенгеловнинг мулкини давлат фойдасига хатлаш ҳақида қарор чиқарди. «Интерфакс»нинг 2 октябр, пайшанба куни хабар беришича, бу Россиянинг йирик хусусий озиқ-овқат компанияларидан бири.

Суд Штенгелов, унинг отаси Николай ва рафиқаси Мария Коржиловани «экстремистик ташкилот» деб топди. Тергов маълумотларига кўра, Украинадаги йирик қишлоқ хўжалиги корхоналари эгаси Штенгелов Киевга ёрдам кўрсатган.

Россия Бош прокуратураси "КДВ Групп"нинг бозор капиталлашувини 497 миллиард рубл, йиллик даромадини 756 миллиард рубл, ялпи фойдасини эса 139 миллиард рубл деб баҳоламоқда.

KDV'нинг аниқлик киритишича, у Россияда 14 та заводга эга ва 700 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаради. Компаниялар гуруҳи Россия Федерациясининг турли ҳудудларида ўз логистика омборлари ва тарқатиш марказларига эга. Унинг маҳсулотлари қандолатчилик, чой, қаҳва ва шарбатларни ўз ичига олади.

Штенгеловлар оиласи Россияни 10 йилдан кўпроқ вақт олдин тарк этган ва ҳозир Австралия, Украина ва АҚШда истиқомат қилади, деб хабар беради «Интерфакс».

Forbes маълумотларига кўра, Штенгеловнинг активлари 2025 йил октябр ҳолатига кўра 1,4 миллиард долларга (1,1 миллиард евро) баҳоланган ва у россиялик миллиардерлар орасида 98-ўринни эгаллаган.