3 октябр ҳолатига кўра, 1 грамм олтин қуймасининг нархи 1 млн 552 минг сўмни ташкил этди. Нархлар бир ойнинг ўзида 10,8 фоизга, йил бошига нисбатан эса 38,7 фоизга қимматлади. Демак, олтин нафақат мамлакатлар учун, балки жисмоний шахслар учун ҳам даромад манбайи бўла олади. Шундай экан, қулай инвестиция воситаси бўлган олтин савдоси ҳақида ушбу мақолада батафсил тўхталамиз.

Даставвал олтин қуймалар ҳақида
Ўзбекистон Марказий банки оғирлиги 5, 10, 20 ва 50 грамм бўлган, 999,9 софликдаги олтин қуймаларни тижорат банклари орқали сотувга чиқариб келмоқда. Қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотилади. Ушбу қадоқ сертификат вазифасини бажариб, ҳар бир қуйманинг серия рақами кўрсатилади, бу унинг асиллигини тасдиқлайди.
Олтин қуймалари банкларнинг айрим филиалларида сотилади. Етказиб бериш харажатлари ва банк фойдасини ҳисобга олиб, қуймалар нархи Марказий банк белгилаган нархдан фарқланиши мумкин.
Олтин қуймаларини сотиб олиш босқичлари
Қуймаларнинг жорий нархларини Марказий банк сайтидан билиб олиш мумкин. Сайтдан, шунингдек, қуймалар қайси банкда мавжудлигини рўйхатдан текшириш зарур.
Танланган банк филиалига бориб, шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида нақд ёки нақд пулсиз олтин қуймасини сотиб олиш мумкин. Тўловдан сўнг сертификатли ва муҳрланган олтин қуймаси тақдим этилади.
Қуймаларни сотиб олган инвестор унинг эгасига айланади ва уни уйда ёки банк ячейкасида (ижара ҳақи эвазига) сақлаши мумкин.









