Мулоқот давомида тиббий технологияларни жорий қилиш, мутахассислар малакасини ошириш, қўшма илмий-тадқиқотлар ўтказиш, ўқитувчилар учун академик алмашинув ва таълим дастурлари ташкил этиш каби йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда Chughtai Lab филиали ёки қўшма корхонасини очиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Chughtai Lab раҳбарияти лабораториянинг ривожланиш тарихи ва ҳозирги ҳолати, компания фаолиятини хорижий бозорларга чиқариш режалари ҳақида маълумот берди. Бу борада Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон муҳим йўналиш сифатида қайд этилди.

Chughtai Lab раҳбарияти Ўзбекистоннинг мутасадди вазирлик ва идоралари, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари билан алоқалар ўрнатиш ҳамда ҳамкорлик масалаларини амалий жиҳатдан ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар тиббий хизматлар, таълим ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик йўналишларини аниқлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини амалий тарзда ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олди.