Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбойжоннинг Габала шаҳрида ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари ўз нутқида қатор ташаббусларни илгари сурди:
– минтақавий ва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида Самарқандда ТДТ ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи қўшма учрашувини ўтказишни таклиф этди;
– Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилишни қўллаб-қувватлади ва Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди;

– Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича Доимий кенгашини тузиш ва унинг Лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштиришни таклиф этди;
– Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириб, Туркий давлатларнинг Саноат альянси, "Туркий яшил йўлаклар" тизими ва "Яшил трансформация" консорциумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди;
– Органик қишлоқ хўжалиги бўйича Экспертлар гуруҳини ташкил этиш ва туркий органик маҳсулотларнинг ягона брендини жаҳон бозорига олиб чиқишни таклиф қилди;
– Ўрта коридорни ривожлантириш ва уни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватлади, божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштириш муҳимлигини таъкидлади;


– Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ҳамда халқаро ва миллий молия институтлари билан ҳамкорлик дастурини қабул қилишни тавсия этди;







