Ўзбекистон 2025 йилда иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг тез ўсаётган бешта мамлакат қаторига кириши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон банки эълон қилган “Европа ва Марказий Осиё иқтисодиёти: бандлик ва фаровонлик” ҳисоботида сўз боради.

ЕМО минтақаси иқтисодиёти ўсиши

ЕМО минтақаси иқтисодиётлари орасида Марказий Осиё мамлакатларида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари кетма-кет учинчи йил энг юқори бўлиб қолмоқда. Прогнозларга кўра, ушбу субминтақада 2025 йилда ўсиш 5,9 фоизни ташкил этади. Ўсишга Қозоғистонда нефт қазиб олишнинг кўпайиши, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши, шунингдек, субминтақа мамлакатларида давлат ва хусусий инвестицияларининг кўпайиши ёрдам беради.

Ҳисоботда келтирилишича, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга ошиб, 8,2 миллиард долларни ташкил этди.

Прогнозларга кўра, 2026 йилда Марказий Осиёда ўсиш 5 фоизгача секинлашади. Шунга қарамай, субминтақа мамлакатлари Европа ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, жумладан, Марказий ва Шарқий Европа, Жанубий Кавказ, Ғарбий Болқон субминтақалари, шунингдек, Россия ва Туркия билан таққослаганда ЯИМ ўсиш суръатлари бўйича етакчи ўринни сақлаб қолади.

Ўзбекистон 2025 ва 2026 йилларда ЕМО минтақасида энг юқори ўсиш суръатларига эга бешта иқтисодиёт қаторида қолиши кутиляпти. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 2025 йилда 6,2 фоизни, 2026 йилда эса 6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Қайд этиш лозим, Жаҳон банкининг июн ойидаги ҳисоботида Ўзбекистон ЯИМ 2025 йилда ҳам, 2026 йилда ҳам 5,9 фоизга ўсиши прогноз қилинган. Янги ҳисоботда ушбу кутилмалар ижобий томонга қайта кўриб чиқилган.

Жаҳон банкининг қайд этишича, ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш суръати бўйича Қирғизистон етакчилик қилади: 2025 йилда 9,2 фоиз, 2026 йилда 6,5 фоизлик ўсиш кутилмоқда.

Тожикистон ЯИМ жорий йилда 7,6 фоизга (келаси йил 5,2 фоиз), Грузия иқтисодиёти 7 фоизга (5,5 фоиз), Қозоғистон 5,5 фоизга (4,5 фоиз) ўсиши прогноз қилиняпти.