Жаҳон | 17:27 / 11.10.2025
1709
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Ядро тиббиёти маркази қурилиши бошланди

Марказда диагностика ва радиожарроҳликдан тортиб, саратоннинг энг мураккаб шаклларини даволаш учун протон терапиясини жорий этиш режалаштирилган.

Фото: ЎзА

Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида Ядро тиббиёти маркази қурилишига рамзий тамал тоши қўйилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Тадбирда соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Березин номидаги тиббиёт институти бошқарув раиси Аркадий Столпнер, соҳа мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Марказ Березин номидаги тиббиёт институти (МИБС) иштирокида инвестиция киритиш форматида барпо этилади. Объектнинг умумий майдони 12 минг квадрат метрни ташкил этади. Бу ҳудудда муҳандислик, геологик, экологик ва бошқа лойиҳаолди тадқиқотлар амалга оширилди.

Марказда диагностика ва радиожарроҳликдан тортиб, саратоннинг энг мураккаб шаклларини даволаш учун протон терапиясини жорий этиш режалаштирилган. Биринчи босқичда позитрон-эмиссион томография (ПЭТ/КТ), циклотрон мажмуаси ва радиофармпрепаратлар лабораторияси билан жиҳозланган ядро диагностика маркази ташкил этилади. Кейинги босқичларда радионуклид терапияси йўлга қўйилиб, изотоп тадқиқотлари кўлами кенгайтирилади.

Марказ фаолияти натижасида йилига 8 минг нафар беморда касалликни илк босқичдаёқ аниқлаш имкони бўлади. Таъкидланишича, бу тўлиқ шифо топиш эҳтимолини бир неча баробар оширади. Шу билан бирга, лойиҳа мамлакатда тиббий туризмни ривожлантиришга ҳам замин яратади.

Қайд қилинишича, лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати юздан зиёд юқори технологияли иш ўрни яратилишидир. Марказ фаолияти орқали ядро тиббиёти соҳасида миллий кадрлар базаси шаклланади. Бу муассаса фақат ташхис ва даво билан чекланмайди, балки илмий изланишлар, янги усуллар синови ва малакали мутахассислар тайёрлаш учун ҳам платформа вазифасини бажаради.

Лойиҳа доирасида ядровий технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий ташхис ва даволаш усуллари жорий этилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид