Иқтисодиёт | 08:17 / 11.10.2025
6310
2 дақиқада ўқилади

Трамп Хитой товарларига 100 фоизлик божлар жорий этилишини эълон қилди

Хитойдан импорт қилинадиган барча маҳсулотларга қўшимча божлар 1 ноябрдан кучга киради. Бунга Хитойнинг савдодаги «ўта агрессив позицияси» сабаб бўлди, деди АҚШ президенти.

Фото: Mark Ralston/AFP

АҚШ ҳукумати Хитойдан импорт қилинадиган барча маҳсулотларга 1 ноябрдан амалдаги божлардан ташқари 100 фоизлик божлар жорий қилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трампнинг 10 октябр, жума куни Truth Social платформасида чоп этилган баёнотида маълум қилди. Бундан ташқари, барча муҳим дастурий таъминот экспортига чекловлар жорий этилади, дея қўшимча қилди Трамп.

Оқ уй раҳбари қўшимча тарифлар жорий этиш сабаби сифатида Хитойнинг «ўта агрессив савдо позицияси»ни келтирди. Доналд Трампнинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати бошқа мамлакатларни Хитойда ишлаб чиқарилган деярли барча маҳсулотларга экспорт чекловлари жорий этиши ҳақида огоҳлантирган, 1 ноябрдан бошлаб «Бу ҳар бир давлатга истисносиз таъсир қилади. Бу халқаро савдода умуман учрамаган ҳолат», — деб ёзган АҚШ президенти.

Хитой ҳали Трампнинг баёнотига изоҳ бермади.

Аввалроқ Америка президенти октябр ойи охирида Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашувини шубҳа остига қўйганди. Трамп 9 октябр куни Хитойнинг нодир металлар экспорти устидан назоратни кучайтиришига жавоб берди. Хитой турли юқори технологияли саноат тармоқлари учун муҳим бўлган нодир металларнинг дунёдаги асосий етказиб берувчиси ҳисобланади.

АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо қарама-қаршилиги бу йил кескинлашди. Мамлакатлар бир неча бор бир бирига божлар жорий қилган. Бироқ август ойида дунёнинг икки йирик иқтисодиёти савдо можаросида 90 кунлик танаффусга келишиб олди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид