Ўзбекистон | 08:40 / 13.10.2025
2710
2 дақиқада ўқилади

Фарғона шаҳрида Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади

Жорий йилнинг 15-16 октябр кунлари "Фарғона водийси: тинчлик ва тараққиёт йўлида бирдамлик" мавзусида Фарғона тинчлик форумининг биринчи йиғилиши ўтказилади.

Фото: "Дунё" АА

Фарғона бир неча кун мобайнида халқаро мулоқот ва ҳамкорлик марказига айланади.

Икки кун давом этадиган анжуманда Марказий Осиё, МДҲ, Осиё, Европа ва Америка мамлакатларидан 300 дан ортиқ иштирокчи қатнашади.

Бўлажак йиғилишнинг асосий ўзига хос жиҳати унинг инклюзив характерида намоён бўлади. Унда фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ва аёллар ташкилотлари, шунингдек эксперт ҳамда академик доиралар вакиллари фаол иштирок этадилар.

Форумнинг асосий мақсади мулоқот, ўзаро ишонч, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва Фарғона водийсини ривожлантиришнинг умумий стратегиясини ишлаб чиқиш учун доимий фаолият юритувчи платформани яратишдан иборат.

Тадбир кун тартибидан Фарғона водийсининг барқарорлиги ва изчил ривожланишини таъминлаш, унинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, хусусий сектор, ёшлар ва фуқаролик жамиятининг ролини кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Фарғона тинчлик форуми шафелигида қирғизистонлик ҳамкорлар ва Тинчликни барпо этиш ҳаби кўмагида илк бор "Интимак куни" (Бирдамлик куни) ташкил этилади.

Форумдан кутилаётган натижалар қаторида Фарғона водийсини дўстлик, яхши қўшничилик ва барқарор ривожланишнинг ягона макони сифатида шакллантиришга даъват этувчи Коммюнике қабул қилиниши ҳам назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид