Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ҳеч ким мени эшитмайди”: ўсмир қизлар муаммоси – ота-она бу ҳолатда нима қилиши керак?
Ўсмир ёшдаги болаларнинг кўпчилиги “менинг фикримни ҳеч ким эшитмайди” деган ҳиссиёт билан яшайди. Улар ўзини ёлғиз, тушунарсиз ва айни пайтда қаттиқ назорат остида ҳис қилади. Бу ҳолат кўп оилаларда сезилмайди, аммо у аста-секин ички ёпиқлик ва ишончсизликка айланади.
“Ёпиқ эшиклар” синдроми
Sociology.uz маркази 2024 йилда ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, 13–18 ёшли қизларнинг 64 фоизи “ота-онам мени фақат танқид қилади, лекин эшитмайди” деб жавоб берган. Бу дегани — кўпинча ўсмир қизлар ҳиссиётларини билдиришдан қўрқади ёки “менинг фикрим муҳим эмас” деган қатъий фикрда қотиб қолган бўлади.
Тадқиқот учун ўтказилган сўровномада эса 68 фоиз оналар “қизлар тарбиясида масофа сақлаш керак” деган фикрни билдиришган. Иштирокчи сифатида қатнашган ўсмир қизларнинг 74 фоизи оналари билан суҳбатлашишга қўрқишини айтган. Қизларнинг бундай “ёпилиши” эса ёмон оқибатларга олиб келади. Айрим ҳолатларда уларнинг тарбиясига қаттиқ таъсир қилиш эҳтимоли бор.
UNICEF Uzbekistan маълумотларига кўра, ўсмир қизлардаги ёпиқлик кўп ҳолларда стресс ва ички зўриқишни кучайтиради. Бу эса кейинчалик депрессия, ўз-ўзини паст баҳолаш ва ижтимоий фаолликдан четлашишга олиб келиши мумкин.
“Фарзандим гаплашмайди” — бу сизда хавотир уйғотсин
Психолог Лиза Дамур ўзининг “Untangled” китобида шундай ёзади:
“Қизингиз билан муносабатда сукут — бу сиздан узоқлашиш эмас, балки унинг мустақил фикр топиш жараёнидир. Ота-она учун энг муҳим вазифа — эшитиш ва гапириш ўртасидаги мувозанатни топиш”.
Кўп ота-оналар қизининг “ҳаммасини ичга ютиши”ни ўткинчи ҳолат деб қабул қилади. Аслида эса бу — унинг ҳиссиётларини ифода этишдаги қийинчилик. Айниқса, танқид ёки солиштиришдан кейин қизда “менинг фикрим барибир қабул қилинмайди” деган ички блок пайдо бўлади.
Қандай ёрдам бериш мумкин?
- Унинг гапларини, ҳаракатларини тингланг - баҳоламанг. Гапираётганида “ҳақлисанми, йўқми” деган фикрдан воз кечинг. Фақат эшитинг. “Сени тушундим” деган сўз қиз учун жуда катта аҳамиятга эга. Қолган фикрларингизни эса у билан алоҳида суҳбатда сингдириш мумкин.
- Ўсмир қиз ўша пайтда сизга айни мавзуда жавоб бермаслиги мумкин — бу қаршилик эмас, балки ҳали тайёр эмаслик белгиси. Шунда бироз танаффус қилинг. Кейинроқ, тинч вазиятда суҳбатни қайта очиш мумкин.
- У билан фақат муаммолар ҳақида эмас, ҳаётидаги қизиқишлари ҳақида ҳам гаплашинг. Бу уни “назорат қилинадиган шахс” эмас, балки “эшитиладиган инсон” сифатида ҳис қилдиришга ёрдам беради ва унда сизга нисбатан ишончни оширади.
- Оналарнинг энг катта хатоларидан бири – бошқалар билан солиштириш. “Қўшнини қизини қара”, “мен сенинг ёшингда...” каби гаплар унинг ички ишончини йўқотади.
- Агар қизингиз ҳардамхаёл бўлиб қолган бўлса, психолог билан суҳбат ташкил қилиш лозим. Бу она-бола ўртасидаги ишонч муҳитини қайта тиклашга ёрдам беради.
Тинглаш — муҳаббатнинг энг кучли шакли
Психолог Брене Браун айтганидек: “Тинглаш — бу муҳаббатнинг сўзсиз шакли. У киши учун борлигингизни билдиришдир”. Ўсмир қизлар муҳаббатни на совғалар, на маслаҳатлар орқали ҳис қилади. Улар учун муҳими — эшитилиш. Шунинг учун ота-оналар ҳар куни камида бир неча дақиқа қизлари билан самимий суҳбатни одат қилиши керак.
Ўсмир ёшдаги қизлар учун ичидагини чиқармаслик — бу ички ҳимоя шакли. Улар ҳиссиётни яширади, чунки кўпинча эшитилмаслигидан қўрқади. Агар ота-она назоратдан кўра ишончни устун қўйса, қиз ҳам ҳолатдан чиқиб, мулоқотга тайёр бўлади.
Мавзуга оид
18:57 / 15.11.2025
Ўсмир қизлар тарбияси: жамият эътиборидан четда қолмаслиги керак бўлган омиллар
11:34 / 08.11.2025
Андижонда бир гуруҳ қизлар иштирокидаги можаро юзасидан маъмурий чора кўрилди
14:47 / 16.10.2025
Қайси омиллар ўсмирларнинг китоб ўқишига ижобий таъсир қилади?
11:46 / 16.10.2025