Нозима ҳозирда Тошкент шаҳридаги 357-мактабнинг 11-синф ўқувчиси. У инглиз тилини чуқурроқ ўрганишни атиги икки йил аввал бошлаган. Қисқа вақт ичида бошланғич даражадан юқори босқичга кўтарилган. Kun.uz мухбири билан суҳбатда Нозима имтиҳонларга қандай тайёргарлик кўргани ва максимал натижага эришишида унга нималар ёрдам бергани ҳақида сўзлаб берди.
Нозима IELTS имтиҳонини тўрт марта топширган. Биринчи уринишда 8, иккинчисида 8,5 баллни қайд этган.
“Ота-онам ва устозларим “8,5 балл – зўр, шунинг ўзи етарли”, дейишди. Тўғри, бу ҳам ўқувчи учун катта ютуқ. Бироқ мен ўзимдан қониқмадим, энг юқорисини оламан деб ният қилгандим. Шу сабабли имтиҳонни яна қайта топширишга қарор қилдим”, – дейди у.
Нозима қисқа вақт ичида тайёрланиб, имтиҳонни қайта топширди. Бироқ бу сафар унинг натижалари кутилганидек чиқмади — 7,5 баллга тушиб кетди.
“Имтиҳон натижаси фақат тайёргарлик эмас, балки омадга ҳам боғлиқ. Саволларнинг осон ёки қийин тушиши якуний кўрсаткичга таъсир қилади. Учинчи марта топширганимда атрофимдаги ҳамма нарса тескарисига ишлагандек туюлди: тест ечаётган компютерим ишламай қолди. Бошқасига кўчиришгунча вақтдан ютқаздим. Диққатим чалғиди, фикримни жамлаш қийин бўлди. Айниқса ўқиш (reading) қисми мураккаб тушди”, – дея эслайди Нозима.
Учинчи уринишдаги омадсизлик унинг руҳиятига салбий таъсир этган бўлса-да, ўқувчи қиз ҳаракатдан тўхтаб қолмади.
“7,5 балл чиққанида “балки, энди тўхташ керакмикин”, деб ўйлаб қолдим. Лекин устозим “бу табиий ҳол, йиқилишдан кейин ўсиш бўлади”, деб куч берди. Шундан кейин яна уриниб кўрдим”, – дейди у.
Нозима камида аввалги натижаларини тиклаш учун ҳам имтиҳонни тўртинчи марта топширишга қарор қилади. Тест кунига қадар у ўз устида янада кўпроқ ишлаб, аввалги хатоларини таҳлил қилади.
“Дарсларни соатлаб ўтириб эмас, кун давомида вақт топилган пайтда мунтазам қилиб борганман. Энг самарали усулларимдан бири — овоз ёзиш ва ўзимни тинглаш бўлган. Нутқимни диктофонга ёзиб олардим, кейин эшитиб, хатоларимни топардим. Талаффуз ва мазмун яхши чиқмагунча, ўша мавзуда такрор машқ қилардим. Луғатларни ёзиб, уларни гаплар орасида ишлатардим.









