«Жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туманлар ва шаҳарларда маҳаллий бошқарув органларини оптимал жойлаштириш орқали уларнинг бино ва иншоотлари ўрнида бизнес лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра:
- 16 та туман ва шаҳарнинг 2025-2026 йилларда жадал комплекс ривожлантириш дастурлари;
- бир жойда оптимал жойлаштириладиган туман ва шаҳар маҳаллий бошқарув органлари рўйхати тасдиқланди.
Қарорда 16 та туман ва шаҳарда янги маъмурий бинолар қурилиши белгиланган. Уларнинг 1- ва 2-қаватлари устувор равишда савдо ва сервис фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган тартибда E-auksion электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага берилади.
Туман ва шаҳарлар маҳаллий бошқарув органлари учун янги маъмурий биноларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш доирасида:
- буюртмачилар этиб – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси белгиланди;
- бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.
Бунда янги маъмурий биноларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларини 2026 йил 1 декабрга қадар якунлаш белгилаб қўйилди.
















