Жаҳон | 07:41 / 24.10.2025
16842
2 дақиқада ўқилади

Болтиқ денгизи соҳилида 2800 йиллик ханжар топилди

Полшанинг Болтиқ денгизи соҳилида маҳаллий ўлкашунос-ҳаваскорлар тахминан 2800 йил аввал ясалган безакли ханжарни топди. Артефакт Халштат маданиятига хос услубда тайёрланган.

Фото: Muzeum Historii Ziemi Kamieńskiej

Болтиқ соҳилидаги кучли бўронлар натижасида соҳил қияликлари емирилиб, ер остида қарийб уч минг йил сақланган буюм юзага чиққан. Камен шаҳри тарихи музейи (Muzeum Historii Ziemi Kamieńskiej) маълумотига кўра, топилма Полшанинг Ғарбий Поморё вилоятидаги Камен-Поморский яқинида аниқланган.

Топилмани тарих билан шуғулланувчи икки ҳаваскор — Яцек Уковский ва Катажина Герджик бўрондан кейин соҳилда юрган вақтда лой бўлагидан топган. Улар дарҳол музей директори Гжегож Курка билан боғланган.

Ханжарнинг узунлиги тахминан 24 сантиметр бўлиб, у ярим ой шакллари ва геометрик нақшлар билан безатилган. Дастаси учи ўткир қилиб ишланган. Курканинг таъкидлашича, бу буюм тайёрланиши маҳорати жиҳатидан Полша ҳудудида топилган энг ноёб металл артефактлардан биридир.

Ancient Origins нашри ёзишича, нақшлар унинг маросим буюми бўлганидан дарак бериши мумкин. Бу каби безаклар милоддан аввалги 800–450-йилларга тегишли Халштат даврига, яъни Европада темир асри бошланган даврга хос ҳисобланади.

Олимлар ханжарнинг аслида қандай мақсадда ишлатилгани борасида турли фикрда. Бой безаклари ва жанг изларининг йўқлиги унинг расмий ёки диний маросимлар учун ишлатилганини англатиши мумкин. Аммо мувозанатли тузилиши ва мустаҳкамлиги сабабли, айрим олимлар уни юқори мартабага эга жангчига тегишли қурол деб ҳисобламоқда.

Музей директори Курканинг айтишича, ханжар эҳтимол, ўша даврдаги металл ишлов бериш марказларидан бирида — ҳозирги Италия, Австрия ёки Болқон минтақаси ҳудудларида тайёрланган бўлиши мумкин. У шимолга қадимий савдо йўллари орқали етказилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Тез орада ўтказиладиган лаборатория таҳлиллари унинг аниқ келиб чиқиши ва вазифасини белгилаб беради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид