Ўзбекистон | 09:33 / 25.10.2025
1457
2 дақиқада ўқилади

Ирригация тизимида қурилиш ишлари суғориш мавсумидан ташқари амалга оширилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан “Бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан қурилиш ва реконструкция ишлари суғориш мавсуми бўлмаган даврда бажариладиган ирригация тизими объектларини молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Ҳужжат ирригация инфратузилмасига оид лойиҳаларни танлаш, уларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва молиялаштириш механизмларини белгилайди.

Низомга мувофиқ, вегетация (суғориш) даврида қурилиш ва реконструкция ишларини олиб бориш имкони бўлмаган ирригация объектларида қурилиш-монтаж ишлари суғориш мавсуми бўлмаган фурсатда амалга оширилади. Бу, авваламбор, сув таъминоти барқарорлигини сақлаган ҳолда, қишлоқ хўжалиги жараёнларига кам таъсир кўрсатишни кўзлайди.

Ҳужжат ирригация объектларини танлаб олиш босқичидан тортиб, лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ва тасдиқлаш, шuningdek молиялаштиришнинг ойма-ой тартибигача бўлган жараёнларни аниқ меъёрлаштиради. Қарорнинг амалиётга жорий этилиши қурилиш- монтаж ишларида молиявий интизомни мустаҳкамлаш, пудратчилар билан ҳисоб-китобларни шаффоф ташкил этиш ҳамда объектларни сўзсиз муддатда ишга туширишга хизмат қилади.

Низомда ирригация объектларини бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш қуйидаги уч босқичли механизм асосида белгиланди:

аввалги тўлов (аванс): қурилишнинг дастлабки икки ойи давомида танлов (тендер) натижаларига кўра белгиланган ишлар қийматининг 30 фоизгача миқдорда ажратилади;
жорий молиялаш: ажратилган аванснинг қурилиш муддати давомида мутаносиб ушлаб қолинишини инобатга олган ҳолда, ҳар ойда бажарилган ишлар қийматининг 95 фоизгача тўлаб борилади;
кафолатдан сўнгги тўлов: пудрат шартномасида назарда тутилган кафолат муддати ўтгач, қолган 5 фоиз миқдордаги маблағ тўланади.

Шу билан бирга, агар давлат харидлари натижасида қурилиш муддати уч ойдан кам деб белгиланса, биринчи ойнинг ўзида объект қийматининг 30 фоизигача аванс берилади, кейинги тўловлар эса умумий белгиланган тартиб асосида амалга оширилади.

Молиялаштиришнинг янги тартиби ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ва таъмирлашни мавсумдан мустақил равишда, агротехник календарга зиён етказмаган ҳолда ташкил этишга имкон беради. Шаффоф ҳисоб-китоб механизми пудратчи ташкилотлар учун пул оқимини барқарорлаштириб, объектларни ўз вақтида ишга туширишни рағбатлантиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид