Жаҳон | 09:21 / 25.10.2025
3320
3 дақиқада ўқилади

Пентагон номаълум донордан 130 млн доллар олди

АҚШда ҳукумат иши тўхтаб турган (шатдаун) бир пайтда Пентагон фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун хусусий шахсдан 130 млн доллар миқдорида аноним хайрия қабул қилди. Бу ҳақда жума, 24 октябр куни, Politico нашри АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили Шон Парнеллга таяниб хабар берди.

Фото: Jen Golbeck/SOPA Images/Sipa USA/picture alliance

Пентагон вакилига кўра, давлат идораси бундай миқдордаги маблағни хайрия сифатида қабул қилиш ваколатига эга. Пул ҳарбий хизматчиларга ойлик маош тўлашга йўналтирилади. Шу билан бирга, Пентагон хайрия қилган шахс АҚШ фуқаросими-йўқми, деган саволга жавоб беришдан бош тортди.

Politico қайд этишича, Пентагон регламентига мувофиқ, ҳарбийлар ёки уларнинг оила аъзолари фойдасига 10 минг доллардан ортиқ ҳар қандай хайрия этика ходимлари томонидан кўриб чиқилиши шарт — «донорнинг манфаатлари ушбу хайриядан жиддий даражада таъсирланмаслиги»ни аниқлаш учун.

АҚШ президенти Дональд Трамп Пентагоннинг номаълум донорини билишини ишора қилди, аммо шахсни ошкор этмади. У маблағ ажратилишини эълон қилар экан, хайрия маълум бир «дўстлик» туйғуси билан амалга оширилганини айтди.

Оқ уй раҳбари шунга қўшимча равишда ҳукумат ишининг тўхтаб қолиши учун навбатдаги сафар Демократик партияни айблади — бу ҳолат сабаб давлат идораларида, жумладан мудофаа тизимида ҳам ходимлар ва тегишли тузилмаларга маош тўлашда қийинчиликлар юзага келган.

Шунга қарамай, берилган сумма барча америкалик ҳарбийларнинг маошига етмайди, дея ёзади Politico. Нашр маълумотига кўра, фақат октябр ойининг биринчи ярмида шунга ўхшаш харажатлар тахминан 6,5 млрд долларни ташкил этган. Келаси ҳафта Қўшма Штатлар Конгресси ҳарбийларга маош ажратишга имкон берадиган бир неча қонун лойиҳаларини овозга қўяди.

АҚШда 1 октябрдан бошлаб янги молиявий йил бюджети бўйича келишув йўқлиги сабаб қатор давлат идоралари иши расман тўхтатилган — бу ҳолат мамлакатда «шатдаун» деб аталади.

Бундай вазият юзага келишининг сабаби демократлар ва Трамп ўртасида камбағал фуқаролар учун тиббий суғурта дастури (Obamacare)ни молиялаштириш бўйича келишмовчиликлардир. Конгрессдаги Демократик партия вакиллари 2026 йил бюджетига тегишли бандлар киритилмас экан, уни қабул қилишдан бош тортган. Қонун чиқарувчи органда аксарият ўринлар республикачилар қўлида бўлса-да, демократлар овозисиз бюджетни қабул қилишнинг имкони йўқ.

Шатдаун фонида Трамп давлат хизматчилари оммавий қисқартирилишини эълон қилди. Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, еттита ҳукумат идорасидаги 4200 дан ортиқ давлат хизматчисига меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақида билдиришнома юборилди — жумладан молия, соғлиқни сақлаш ва таълим вазирликларида. Шу билан бирга, Трамп мудофаа вазирига ҳукумат иши тўхтаганига қарамай, ҳарбийларнинг маошини таъминлашни топширди.

Бу — 2018 йил охири–2019 йил бошидаги ҳолатдан кейинги дастлабки шатдаун. Ўшандаги бюджет блокадаси 35 кун давом этган ва АҚШ тарихида энг узоғи бўлган. Унинг сабаби Трампнинг Мексика чегарасида девор қуриш учун бюджетдан миллиардлаб доллар ажратиш талаби эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид