Купянск шимолидаги плацдармда тўпланган рус қўшинлари нафақат кичик гуруҳлар билан шаҳар марказига киришга ва ўрнашиб олишга, балки у ерда катта куч тўплашга ҳам муваффақ бўлди. Ҳозир у ерда жанглар кетмоқда.

Мудофаа кучларига асосий таҳдид Россия штурм гуруҳларининг Харкив – Купянск – Сватове трассасига яқинлашиши бўлиб, бу Украина қуролли кучларининг Оскол дарёси ғарбидаги таъминотини сезиларли даражада қийинлаштириши ва уларнинг шарқий соҳилдаги позицияларини эгаллаб турган қисмларини изоляция қилиши мумкин.

Ҳозирги вазият Купянск ва унинг атрофини мудофаа қилаётган Украина бўлинмалари учун қанчалик хавфли? Шаҳар тез орада таслим бўлиши ҳақидаги тахминлар асослими? BBC ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев Украина шарқий фронтидаги вазиятни таҳлил қилди.

Бу ҳозирнинг ўзида рўй берадими?

Йўқ. Купянск шимолидаги вазият Украина қуролли кучлари учун 2024 йил охири – 2025 йил бошидан ёмонлашди, ўшанда рус бўлинмалари камида иккита участкада Оскол дарёсини кечиб ўтиб, мустаҳкамланиб олишга муваффақ бўлганди. Қўшимча кучлар ташлангани сайин плацдарм кенгайиб борди, Украина мудофаа кучлари бунга йўл қўймасликка ҳаракат қилди, аммо уддалай олмади.

Россия қўмондонлигининг режалари тушунарли эди – биринчи навбатда етарли захираларни тўплаш, кейин эса ғарбдан Купянскни айланиб ўтиб, шаҳарни Чуҳийив орқали боғловчи Р-07 трассасини тўсиб қўйиш ёки шимолдан маъмурий марказнинг ўзига рўпарадан ҳужум қилиш.

Купянск ғарбидан Украина қуролли кучлари ортига ўтишнинг иложи бўлмади, шу мақсадда амалга оширилган ҳужумлар қайтарилди ва афтидан, Россия қўмондонлиги иккинчи вариант бўйича ҳаракат қилишга қарор қилди. Ёзда шаҳар шимолида икки томон ҳам назорат қилмайдиган «кулранг зона» кенгаяётгани ҳақида хабарлар кела бошлади, бу эса у ерда россияликларнинг илғор гуруҳлари пайдо бўлганини англатарди. Сентябр ойи бошларида эса шаҳар ичкарисида жанглар бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Аммо ундан олдинроқ, август ойи охирида Россия бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов Владимир Путинга Купянск деярли тўлиқ блоклангани ва унинг ҳудудининг ярмига яқини Россиянинг «Запад» қўшинлари гуруҳи ҳарбийлари томонидан эгаллаб олингани ҳақида ҳисобот берганди.