Ўзбекистон | 14:09 / 27.10.2025
2493
2 дақиқада ўқилади

Уй-жойларда энергия аудитини тўлиқ қоплаш йўлга қўйилади

Ўзбекистон ҳукумати қарори билан аҳоли уй-жойларини энергия аудитидан ўтказиш ва энергия самарадор қурилмаларни ўрнатишни қўллаб-қувватлаш тартиби тасдиқланди. Низомга кўра, аудит харажатлари 100 фоиз қопланади, қурилма-ускуналар учун 20–40 фоиз субсидия берилади.

Фото: Getty Imagеs

Ҳукумат қарорига мувофиқ, аҳоли уй-жойларида энергия тежамкорликни ошириш мақсадида энергия аудитини ўтказиш харажатлари тўлиқ қопланади ва қуёш панеллари, гелиоколлекторлар, маиший иситиш қозонлари ҳамда бошқа энергия самарадор ускуналарни харид қилиш ва ўрнатишга қисман молиявий ёрдам ажратилади.

Низом аҳолининг “яшил” технологиялардан фойдаланишини рағбатлантириш, иссиқликни сақлаш ва электр сарфини қисқартиришга йўналтирилган. Субсидия фақат энергия аудитори хулосаси асосида ўрнатилган ускуналарга берилади.

Субсидия миқдорлари

  • энергия аудити: харажатларнинг 100 фоизи;
  • қуёш панеллари, гелиоколлекторлар, иситиш қозонлари ва бошқа ускуналар: харид ва ўрнатишнинг 20 фоизи;
  • иссиқлик насослари: харид ва ўрнатишнинг 40%, аммо субсидия суммаси БҲМнинг 50 бараваридан ошмайди.

Талабгор тўловларни субсидия ажратиладиган қисми чегирилган ҳолда амалга оширади. Субсидия қилинадиган улушни Энергия самарадорлиги миллий агентлиги тўғридан-тўғри етказиб берувчига ўтказади. Шу тариқа фуқаро ўз улушига тўғри келадиган қисмнигина тўлайди.

Агар талабгор тижорат банкларидан “яшил” кредит олиш мақсадида уй-жойни энергия аудитидан ўтказиш бўйича сўров юбориб, шартнома расмийлаштирса, шартнома суммаси 100 фоизи олдиндан ўтказилади ва махсус платформада вақтинча банд қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид