Тошкент шаҳрида транспорт ва логистика хизматлари кўрсатувчи МЧЖда ҳисобчи бўлиб ишлаётган шахс, ўзининг собиқ ҳамкасблари имкониятларидан фойдаланишини айтган ҳолда, бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи МЧЖдан 17 млрд сўм миқдоридаги қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) манфий фарқ суммасини қайтариб бериш, шунингдек, тўхтатилган ҚҚС гувоҳномасини қайта фаоллаштириб беришни ваъда қилгани учун 35 000 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида у корхона таъсисчисидан 20 500 АҚШ долларини олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан ҳисобчи ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (катта миқдорда фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди (пора олишга ҳамкорлик қилишга суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари жараёнида гумонланувчи ўзининг “холис ёрдами”ни Солиқ қўмитасининг катта инспектори орқали амалга оширишни режалагани аниқланди. Мазкур давлат хизматчиси ҳам жиноят ишига гумонланувчи сифатида жалб этилгани билдирилди.
















