Ўтган ҳафта АҚШ Россиянинг энг йирик нефт компаниялари – “Роснефт” ва “Лукоил”га санкциялар жорий қилди. Бу икки компания жаҳон нефт таъминотининг тахминан 5 фоизини ишлаб чиқаради. АҚШнинг мақсади – Россия бюджетига тушадиган нефт даромадларини қисқартириш ва Кремлни Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларга қайтаришдир.
Бу санкциялар туфайли 23 октябрдан буён нефт нархи 5 фоизга ошиб, баррелига 66 доллар атрофида савдолар кетяпти. Инвесторлар санкциялар ва Россиянинг мумкин бўлган жавоб чораларидан қўрқмоқда – бу эса глобал таъминот занжирини қисқартириши мумкин.
Саудия Арабистони учун дипломатик босим
Бу вазият Саудия учун мураккаб дипломатик муаммога айланди, деб ёзмоқда Reuters. Нефт экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти – OPEC'нинг етакчиси сифатида у ўз стратегик манфаатларини сақлаб қолиш билан бирга, Россия ва бошқа йирик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни давом эттиришга мажбур.
OPEC+ йиғилиши ва қарама-қарши манфаатлар
OPEC+ аъзолари 2 ноябр куни декабр ойидаги ишлаб чиқариш квотасини белгилаш учун йиғилиш ўтказади.
Reuters'нинг 28 октябрдаги хабарига кўра, гуруҳ ишлаб чиқаришни бирозгина – кунига 137 минг баррелга ошириши эҳтимолга яқин, лекин таклифни кўпайтириш имконияти атиги бир нечта давлат, хусусан Саудияда бор.
Апрелдан буён OPEC+ ишлаб чиқариш мақсадини 2,7 миллион баррелга оширди, бунга глобал иқтисодиётдаги ўсиш ва ёқилғига талабнинг кўтарилиши сабаб бўлди.
Бироқ бу ўсиш ортиқча таъминотни келтириб чиқарди. Халқаро энергетика агентлиги (IEA) бу мувозанатсизлик камида яна бир йил давом этишини тахмин қилмоқда.
Россия эса OPEC+дан ишлаб чиқаришни тўхтатиш ёки камайтиришни сўрамоқда, чунки бозорга ортиқча нефт чиқариш унинг даромадларини қисқартиради.
Аммо Трамп 18 ноябрда Оқ уйда Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашувда бунинг тескарисини талаб қилиши кутилмоқда.











