“Қирол шер” мултфилмидаги Муфаса, “Муҳташам юз йил” сериалидаги Султон Сулаймонни ўзбекча гапиртирган дубляж устаси Афзал Рафиқов яна мингдан ортиқ экран қаҳрамонларининг овозига айланган. Kun.uz мухбири билан суҳбатда у ноёб овозининг қандай қилиб “йўқолиб қолган”и, кинодаги омадсиз фаолияти сабаблари, Ўзбекистонда дубляжнинг ривожланишдан тўхташи, театрларда томошабин камлиги ҳақида гапириб берди.

Кексайганда оғир синов берилди

Асл касбим саҳна актёри бўлишига қарамай, мени томошабинларнинг катта қисми овозим орқали танийди. Аммо ҳамма билган овозим ҳозир йўқ. Кексайганда оғир синов берилди, чап овоз пардаларимда хасталаниш вужудга келди. Очиғини айтсам, бу ниҳоятда қийин вазият, ундан чиқишим осон бўлмади, чуқур руҳий тушкунликка тушдим. Бир қанча дорилар қабул қилиб, даволаниш муолажаларини ўтказдим. Аммо булар натижа бермади, охири жарроҳлик амалиётига рози бўлдим. Сабаби бу касаллик нафақат овозим, балки бутун танамга таҳдид солиб турган хасталик эди.

Бахтим шунда эканки, аввало, жоним омон қолди, иккинчидан, овозимнинг ўзи ўзгарди, бироқ унинг ортида турган нарсалар ўзгаргани йўқ. Дид-фаросат, ички дунё, билим – ҳаммаси овоздан билинади, диктофон ёки микрофонда гапирганимда ана ўшаларнинг барчаси сақланиб қолгани сезилади. Аввал ҳам айтардим, ҳар бир овоз – бетакрор, ноёб, гўзал. Гап овозда эмас, унинг ортида турган нарсаларда…

Ушбу синовга қарамасдан фаолиятимни давом эттиряпман. Ҳалиям саҳнадаман, ҳали ҳам микрофон қаршисидаман. Биласизми, томошабин ҳам нормал қабул қиляпти, “овозинг йўқ экан, чиқиб кет саҳнадан”, деб ҳеч ким айтмаяпти. Техника ривожланган, унинг ютуқларидан фойдаланиб тингловчига ҳамон мақбул келадиган контентларни тайёрлашда давом этяпмиз. Яқинда дастурчилар бир программани яратди, у орқали овозимдаги хасталик белгилари олиб ташланиб, ўқиган матнларим аввалги оригинал овозимга ўгириляпти. Энди ишсиз қолиб кетаман деб қўрқмасам ҳам бўлади.

Тингловчи яхшироқ тушуниши учун Қуръони каримни актёр овози билан ўқидим”

1991 йил мустақилликка эришганимиздан сўнг, Қуръони карим ўзбек тилида нашр этилди. Ўша йили рўза тутишни бошлаган эдим. Ана шу кезларда муқаддас китобимизни бошидан охиригача ўқиб чиқдим. Китоб мутолаасини тамомлагандан сўнг, ичимда бу асарнинг аудио-диск форматини тайёрлаш керак, деган ғоя туғилди. Китобнинг овозли вариантини ишлаб чиқариш учун катта маблағ талаб этиларди, бу борада кўпчиликдан ёрдам сўрадим, изландим, ҳаракат қилдим, лекин ишим юришмади, ҳомий топилмади. Орадан 16 йил ўтиб бир инсон “Афзал ака, Қуръони каримнинг ўзбекча таржимасини аудиоформатда тайёрламоқчимиз, ўқиб бера олмайсизми?” деб қўнғироқ қилди. Ва мен "