2025 йил ноябр ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан +1…+1,5 даража паст бўлиши кутилмоқда, дея хабар қилди Ўзгидромет.
Иқлим маълумотларига кўра, ноябр ойида ўртача ҳаво ҳарорати октябр ойига нисбатан +6…+7 даражага, шимолда ва чўл ҳудудларда +8…+9 даража паст бўлади. Куз фаслининг бошидан фарқли равишда ноябр ойи учун ҳаво ҳарорати кескин ўзгариб туриши билан ажралиб туради.
Метеорологик кузатувларнинг барча даври учун мутлақ максимал ҳарорат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида кузатилган бўлиб, +30…+33 даражани ва Фарғона водийсида +26…+28 даражани ташкил этган. Республика ҳудудининг катта қисмида мутлақ минимал ҳаво ҳарорати ўтган асрда кузатилган. Энг совуқ ноябр ойларида ҳаво ҳарорати –19…–24 даражагача, шимолда –28…–31 даражагача, энг чекка жанубда –10…–15 даражагача пасайиши қайд этилган.
Ўзгидромет маълумотига кўра, сўнгги йилларда ноябр ойида бундай қаттиқ совуқлар кузатилмаган. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида асрдаги энг паст –10…–15 даража ҳарорат кузатилган. Бундай ҳарорат 2016 йил ва 2020 йил ноябр ойларига тўғри келади. Бу даврда энг совуқ кунларда термометр устуни +0…+3 даражадан юқори бўлмаган.
Жорий асрда жуда паст ҳаво ҳарорати фақат Қорақалпоғистон Республикасида рекорд қийматларга яқин бўлди. 2006 ва 2016–2020 йилларда ҳаво ҳарорати –18…–21 даражагача, Устюртда –26…–28 даражагача пасайди.
2023 йил ноябр ойи Ўзбекистонда метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун энг иссиқ бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳарорат иқлим меъёридан 3–6 даражага юқори бўлди.
2023 йил ноябр ойида республика ҳудудининг катта қисмида (шимолий ҳудудлар ва чўл ҳудудлардан ташқари) ҳаво ҳарорати манфий қийматларгача пасаймаган.
Ноябр ойининг ўзига хос хусусияти шундаки, у йилнинг бошқа ойларига нисбатан ҳарорат кўтарилишига камроқ мойил ҳисобланади. Сўнгги 25 йил ичида ҳароратнинг ошиш тенденцияси салбий қийматга эга бўлди, яъни ўртача ойлик ҳаво ҳароратининг пасайиш тенденцияси кузатилди.
Бу йил ноябр ойи қандай бўлади?
3 ноябрдан шимолий ҳудудларга, 4 ноябрдан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келишни бошлайди












