Россия – империалист давлат, шу билан бирга националист ҳам. Лекин бу икки танлов аслида бир-бирига зид эканини Путин Россияси англай олмаяпти. Чунки империя бўлишни танлаган давлатлар – масалан АҚШ – ўзини бошқа миллатлар учун жозибадор қилиб кўрсатишга интилади. Россия эса аксинча, ҳам жамият даражасида, ҳам давлат даражасида ксенофобия ва мигрантофобия билан тўйиниб бормоқда.
РФ президенти Владимир Путин миграция бўйича янги концепцияни тасдиқлади. Бу концепция 2025-2030 йилларга мўлжалланган. Унинг асосий мақсадлари бир нечта: ноқонуний миграция билан курашиш, этник анклавлар пайдо бўлишини олдини олиш, мигрантлар оилалари ва фарзандларининг Россияда яшашини назоратга олиш, мигрантлар устидан рақамли ва муттасил назорат яратиш, рус тили ва тарихини ўрганиш борасидаги талабларни янада қаттиқлаштириш ва ҳоказо.
Нега биз Россиядаги жараёнларни жиддий кузатишимиз, таҳлил қилиб боришимиз муҳим? Россия – биз ўзбекистонликлар, Марказий Осиё давлатлари учун – абадий омил: у бўлган, бор ва сақланиб қолаверади. Россияга боғлиқлик бизнинг танловимиз ёки иродамиз билан бўлмади. Чор империяси бизни ўзига куч билан кўшиб олганди. Ҳалига қадар жамулжам хорижий давлатларнинг минтақамизга таъсирини тарозида ўлчасак, Россия билан иқтисодий муносабатлар, унинг ахборот таъсири, транспорт-логистика боғлиқликлари, миграция ва эмиграция, тарихий-гуманитар алоқалар ва ҳоказолар ҳисобига Россиянинг таъсири мутлақ тош босади.
Гарчи кейинги йилларда минтақа давлатларининг биринчи савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб Хитой Халқ Республикаси майдонга чиққан ва Россия иккинчи ўринга тушиб қолган бўлса-да, қолган параметрларга кўра Россия билан алоқалар жамиятлар, инсонлар даражасида ҳам Россия ҳисобига жиддий тош босади. Россияда кечаётган сиёсий жараёнлар, қарашлар, кайфиятлар минтақамизга жиддий таъсир қилади, одамларнинг, элиталарнинг қарашларида ўз аксини топади.
Россия – демографик жиҳатдан жуда тез сўнаётган давлат. Кейинги йиллардаги йиллик аҳоли қисқариши ярим миллиондан ошади. Россиянинг меҳнат мухожирларига бўлган эҳтиёжи – жуда катта. Россия Савдо-саноат палатаси раиси Александр Шохиннинг сўзларига кўра, ҳозирнинг ўзида Россияга 3 миллиондан ортиқ ишчилар етишмайди. Россиянинг бошқа мутасаддилари эса, камида 4 миллион ишчи етишмаслиги ҳақида айтишади.
Россия Федерацияси – дунё давлатлари ичида ўзининг иқтисодий ривожланишини таъминлаш учун хориждан катта миқдордаги меҳнат мухожирларини қабул қилиб оладиган АҚШдан кейинги иккинчи йирик давлат. АҚШнинг аҳолиси 340 миллионни ташкил қилади ва шундан 48 миллиони хорижда туғилган. Демак, Американинг тахминан 14 фоиз аҳолисини мигрантлар ташкил қилади.







