Украина мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси (ГУР) Донецк областининг Россия қўшинлари томонидан қамал қилинган Покровск шаҳрида ҳарбий операция ўтказмоқда, деб ёзади Reuters.
Агентликнинг Украина қуролли кучларининг 7-десант-штурм қўшинлари оператив корпусидаги манбасига таяниб ёзишича, Украина махсус кучлари бир неча кун олдин Black Hawk вертолётида Россия дронлари фаолияти туфайли мураккаблашган операция доирасида Покровскка қўнган.
«Операция Украина шу ойда кўп сонли рус ҳарбийлари мудофаани ёриб ўтганидан кейин стратегик аҳамиятга эга шаҳардаги вазиятни барқарорлаштириш учун қандай курашаётганини кўрсатади», – дея таъкидлайди агентлик.
The Economist мухбири Оливер Кэрролл Х ижтимоий тармоғида Бош разведка бошқармаси десантчилари вертолёт орқали Покровскка яқинига қўнгани акс этган видеони тарқатди. «Украина ҳарбий разведкаси муҳим логистика линияларини очиш учун Покровск чеккасида дадил қарши ҳужум уюштирмоқда», – дея ёзган журналист. У видео ҳақиқийлигини мустақил тарзда тасдиқлай олмаганини қўшимча қилган. Мустақил OSINT-тадқиқотчилар ушбу тасвирлар (1,2) Покровскнинг шимоли-ғарбий чеккасида, сўнгги ҳафталарда россиялик штурмчилар илгарилаши қайд этилган ҳудудда олинганини аниқлашган.
«Суспiльне» ва «РБК-Украина» нашрлари Украина қуролли кучларидаги манбага таяниб, қарши ҳужум ўтказилаётгани ҳақидаги маълумотни ҳамда эълон қилинган видео ҳақиқийлигини тасдиқлаган. Журналистларнинг суҳбатдошларига кўра, Бош разведка бошқармаси штурмчилари Покровскнинг Украина логистикаси учун стратегик аҳамиятга эга деб ҳисобланадиган ва РФ мудофаа вазирлиги аллақачон ўз назоратига олганини эълон қилган ҳудудларга кирган.
Украинадаги ва ғарб нашрлари манбаларига кўра, операцияга Бош разведка хизмати бошлиғи Кирилл Буданов шахсан раҳбарлик қилмоқда. Шу кунларда журналистлар у Украина президенти офисида кучишлатар тузилмалар ва ҳарбийлар иштирокидаги йиғилишларда кўриниш бермаётганига эътибор қаратишганди.
Украина ҳукумати Покровскдаги операцияга расман изоҳ бермаяпти. Украина қуролли кучлари бош штабига яқинлиги айтиладиган Deep State OSINT-лойиҳаси маълумотлари эса Покровскдаги вазият бўйича жиддий ўзгариш йўқлигини кўрсатмоқда.
















