Бизнес | 18:27 / 03.11.2025
13257
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors 2,5 соатда Cobalt учун 100 мингта шартнома тузди  

3 ноябрь куни UzAuto Motors Cobalt автомобиллари хариди учун онлайн шартномалар тузди ва кутилганидек савдо бир неча соатда якунланди. Компанияга кўра, 2,5 соат ичида 100 мингта шартнома тузилган.  

Фото: UzAuto Motors

Автомобилларнинг 99% дан ортиғини жисмоний шахслар харид қилган. Фақат биринчи соатнинг ўзида 53 мингдан ортиқ ариза келиб тушди, дейди компания.

Соат 10:00 да бошланган контрактация қарийб 2,5 соат давом этди. Соат 12:26 ҳолатига жами 100 мингта шартнома расмийлаштирилган.

Шундан 99 493 таси One ID тизимида рўйхатдан ўтган жисмоний шахсларга, 507 таси эса юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади.  

Шартномаларнинг ярмидан кўпи (53 911 таси) контрактациянинг биринчи соатида имзоланган, соат 11:50 га келиб эса мижозлар 88 мингдан ортиқ келишувларни расмийлаштирган.  

Контрактация жараёнида компания Call-маркази жами 876 та мурожаатни қабул қилди. UzAutoSavdo онлайн-савдо тизими 560 марта киберҳужумга учраган.

Компания онлайн тизим орқали шартнома олган мижозлар 7 кун ичида шартнома шартларига мувофиқ тўловни амалга оширишлари кераклигини эслатмоқда.  

Онлайн тузилган шартномаларда махсус QR-код мавжуд бўлади, у шартноманинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди. Бундай QR-кодга эга бўлмаган шартномаларга UzAuto Motors ва Chevrolet расмий дилерлари алоқадор эмас. Автомобиль ишлаб чиқарувчиси мижозлардан диққатли бўлишларини ва шартнома тузишда ушбу QR-код мавжудлигини текширишни сўради.  

Cobalt учун контрактация очилиши октябр ойи ўрталарида маълум бўлганди.

Ўшанда янги Cobalt’нинг қўшимча имкониятлари ҳам баён қилинган. UzAuto бу модел учун шартномалар фақат онлайн тузилишини маълум қилганди. Компанияга кўра, янги Собалт’га талаб шу қадар юқорики, мижозлар сўрови, юқори талабдан келиб чиқиб, ортиқча ажиотажларнинг олдини олиш учун фақат онлайн савдо ўтказилмоқда.

Тайёрлаган:  Шоҳрух Мажидов

Мавзуга оид