Ўзбекистон | 18:07 / 03.11.2025
2494
3 дақиқада ўқилади

Йил бошидан буён давлат органлари томонидан қонунга зид 7 минг ҳужжат қабул қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни прокурор назоратини рақамлаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда таъкидланишича, соҳа ва тармоқларни рақамлаштиришдан асосий мақсад – бюрократия ва коррупцияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш. Масалан, давлат харидларида танлов ва тендерлар рақамлашгани учун шу йилнинг ўзида 7,5 триллион сўм тежалган. Бугун аҳоли ва тадбиркорларга 1 мингга яқин давлат хизматлари масофадан туриб кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга, йил бошидан буён давлат органлари томонидан 7 мингдан зиёд қонунга зид ҳужжатлар қабул қилингани, шунингдек, назорат идораларининг фаолиятида 12,5 минг нафар тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилгани кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан қонунлар ижроси устидан масофавий назорат тизимини яратиш, давлат идораларида қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини текшириш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш зарур.

Тақдимотда Бош прокуратура тизимида рақамли прокурор назоратини жорий этиш, текширувлар ва мониторинг жараёнини автоматлаштириш бўйича таклифлар ҳақида ахборот берилди. Бу орқали қонун бузилишларини эрта аниқлаш, масъул шахсларнинг ҳаракатларини реал вақт режимида кузатиш ҳамда прокурор назоратини шаффоф ва самарали ташкил этишнинг имкони яратилади.

Ҳозир терговчиларнинг ишини баҳолаш бўйича ягона тизимнинг йўқлиги, ҳисоботларнинг “қўлда” юритилаётгани, жиноят ишларининг ҳали ҳам қоғоз шаклида сақланаётгани иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳисобот тайёрлаш жараёни бир ҳафтагача вақт олмоқда.

Йил бошидан буён тергов органлари томонидан 1300 та қарорни қабул қилишда процессуал тартибларга амал қилинмагани, камчиликлар туфайли 637 та жиноят ишининг материаллари судлар томонидан терговга қайтарилгани маълум қилинди.

Шу боис, жиноят ҳақида хабар келиб тушганидан тортиб, суд қарори ижросигача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш, тергов фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш вазифаси белгиланди. Бу тизим тергов жараёнини тезлаштиради, инсон омилини камайтиради ва масъулиятни оширади.

Шунингдек, рақамли технологиялар орқали содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш учун сунъий интеллект, киберҳуқуқ ва рақамли ҳуқуқ йўналишларида кадрлар тайёрлашни бошлаш вазифаси қўйилди. Бу орқали соҳада замонавий таҳлил усулларидан фойдалана оладиган, рақамли хавф-хатарларни олдиндан аниқлайдиган ва уларга самарали жавоб беришга қодир профессионаллар қатламини шакллантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбари муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид