29 октябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Мудофаа вазирлиги (Пентагон)га «зудлик билан» ядровий қурол синовларини бошлаш бўйича топшириқ берганини эълон қилди.

Трамп ўз қарорини бошқа давлатларнинг синов дастурлари билан асослаб, Россия ва Хитой қуролланиш пойгасида тафовутни қисқартирганини таъкидлади.

Расмий маълумотга кўра, АҚШ охирги марта ядровий синовни 1992 йили президент катта Жорж Буш даврида ўтказган.

Трампнинг ядровий синовлар ҳақидаги баёноти сиёсий доирада ҳам, жамиятда ҳам турли талқинларга сабаб бўлди.

АҚШ президенти портловчи ядровий каллакларнинг тўлиқ синовини назарда тутдими ёки фақат ядровий каллак ташишга қодир ракеталарни синашни назарда тутдими — бу ҳали ноаниқ. Бироқ Трамп томонидан АҚШ стратегик қўмондони лавозимига илгари сурилган Ричард Коррелл буни икки хил талқин қилиш мумкинлигини қайд этди.

Корреллга кўра, бу қарор «ядровий синовлар»ни англатмайди: «(Трамп) ядровий қурол синовларини тенг шартларда бошлашни назарда тутди. (Сўнгги пайтларда) на Хитой, на Россия ядровий портловчи моддаларни синамаган. Шунинг учун мен бу сўзларга ортиқча маъно бермайман ва хулоса чиқармайман».

Демократ сенатор Жеки Розен «ядровий қурол синовларини бошлаш учун ҳеч қандай сабаб йўқ», дея баёнот бериб, бунга йўл қўймаслик учун бор кучини сарфлашини билдирди.

Очиқ манбаларга кўра, ядровий портлаш — ядровий реакция энергиясининг жуда юқори тезликда қасддан бўшатилиши натижасида юзага келади. Бу реакция «ядровий бўлиниш» ёки «ядровий қўшилиш», ёки уларнинг комбинацияси бўлиши мумкин.

Ядровий портлашда тез бўшатилган энергия атроф-муҳит билан ўзаро таъсирга киришиб, ер, океан ва атмосфера орқали товуш тебранишларининг тарқалишига сабаб бўлади.

Ядровий портлашлар ўз ортидан атроф-муҳитга узоқ муддатли ва вайронкор таъсир кўрсатувчи радиация қолдиради. Синовлар «атмосфера», «сувости» ва «ерости» турларига бўлинади.