Машина олиб қочиб, Бўка туманида ИИБ ходимини пичоқлаган андижонлик икки йигитга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Замон” дастурида хабар берилди.
Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшовчи Ф.Ш. (2007 йил 14 майда туғилган) ҳамда вояга етмаган Ф.Х. (2007 йил 2 декабрда туғилган) Наманган вилоятига кетиш мақсадида Самарқанд шаҳридан йўловчи сифатида Cobalt машинасига минган. Улар Сирдарё вилояти ҳудудида ҳайдовчи ҳожатхонага кириб кетганида машинани олиб қочган.
1 августдан 2 августга ўтар кечаси йигитлар Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётганида уларни Бўка тумани ИИБ тезкор вакили майор Нурбек Шодиев тўхтатган. Аммо ИИБга олиб кетиш пайтида улардан бири ходимнинг бўйнига пичоқ билан жароҳат етказган. Сўнгра йигитлар Cobalt’ни ўша ерда қолдириб, ходимнинг Matiz машинасини ҳайдаб, қочиб кетган.
“Тез ҳам кетмаяпман, қишлоқнинг йўли. Ўша вақтда мен телефонда гаплашдим. Телефонни ўчириб, уни чўнтагимга солганимда орқамда ўтирган бола бўйнимга бирдан пичоқ санчиб қолди. Ўша ерда тўхтаб турибмиз, мен қонни тўхтатиш учун машинани ўчирдим, каналга тушмоқчи бўлдим. Менга пичоқ урган бола рулга ўтириб олди. Хуллас, у бола машинани ўт олдирди, мен ҳам олдига чиқдим ва машинани олиб қочма, дедим. У барибир машинани олиб қочиб кетди”, деган Бўка тумани ИИБ тезкор вакили Нурбек Шодиев.
Шундан сўнг улар Оҳангарон туманида тўхташ ишорасини берган ЙПХ инспекторини ҳам уриб юборган.
ЖИБ Бўка туман суди ҳукми билан Ф.Ш. ва Ф.Х. Жиноят кодексининг 25,97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “г,о,п,р” бандлари ҳамда 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли деб топилди. Вояга етмаган Ф.Х.га 9,5 йил, Ф.Ш.га эса 15,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.











